Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Марказий Осиё мамлакатларида конституциявий шикоят институти моделларининг ривожланиш тенденциялари
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Европа Кенгашининг Ҳуқуқ орқали демократия учун Европа комиссияси (Венеция комиссияси) билан ҳамкорликда 2023 йил 25-26 май кунлари Самарқанд шаҳрида «Марказий Осиё мамлакатларида конституциявий шикоят институти моделларининг ривожланиш тенденциялари» мавзуида халқаро конференция ташкил этилди. 

Халқаро конференция ташкил этилишидан мақсад - Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, шу жумладан конституциявий ислоҳотлар ҳақида халқаро ҳамжамиятга тўлиқ ва холис маълумот етказиш, Конституцияда илк бор белгиланган конституциявий шикоят институтини ривожлантиришда халқаро тажрибани ўрганиш, хорижий мамлакатлар конституциявий судларининг амалиёти билан танишиш ҳамда Венеция комиссияси ва унга аъзо мамлакатлар конституциявий назорат органлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.  

Халқаро ва маҳаллий экспертларни қамраб олган мазкур халқаро конференцияда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова ҳам иштирок этди. У ўз маърузасида Янги Конституция “инсон-жамият-давлат” парадигмасига асосланганлиги, унда барча тоифаларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари акс этганига алоҳида урғу берди. Шунингдек, Янгиланган Конституцияда  Омбудсман томонидан берилган таклифларнинг 90 фоизи инобатга олинганини қайд этди. 

Омбудсман Ф.Эшматованинг сўзларига кўра, Омбудсман миллий институтлардан биринчилардан бўлиб Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди билан ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган. Омбудсман томонидан фуқароларнинг ёзма илтимосларига мувофиқ Конституциявий судга 2021 йилда 21 та, 2022 йилда 4 та мурожаат йўлланган. Ушбу мурожаатларнинг аксариятида фуқаролар томонидан ҳуқуқий масалалар юзасидан шарҳ бериш масалалари сўралган.

2017 йилда Омбудсманга Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди кўриб чиқиши учун қонунга мувофиқ масалалар киритиш ҳуқуқи берилган.Ушбу ҳуқуқдан хам самарали фойдаланмоқа.

Шу билан бирга, Омбудсман Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлисларида иштирок этиши мумкин ва суд томонидан кўриб чиқилаётган барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этишга ҳақли.

Тадбир Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотларнинг муҳим йўналишлари, конституциявий одил судлов, Европа ва Марказий Осиё давлатларида конституциявий шикоят институтининг амал қилиши, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинларини ҳимоя қилишда парламент ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг Конституциявий суд билан ўзаро ҳамкорлигига оид мавзуларга бағишланган.    

Икки кун давом этган халқаро конференцияда Венеция комиссияси президенти ва экспертлари, шунингдек Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Конституциявий суди раислари, Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти (GIZ) “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликни қўллаб-қувватлаш” ҳудудий дастури эксперти ҳамда  миллий экспертлар ҳамда жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари иштирок этишди. 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати