Қийноққа оид хабарлар Омбудсман назоратига олиниб ўрганилмоқда. Лекин, куни кеча Бўкада содир бўлган ҳолат суд тергов жараёнларида қийноқ деб аталмиш иллатга ҳали ҳануз йўл қўйилаётганлигини тасдиқлайди.
Бўка туманида фуқаронинг вафот этиши билан, тайинланган бирламчи суд-тиббий экспертизаси натижаларига кўра, Тошкент вилояти прокуратураси томонидан дарҳол жиноят иши қўзғатилиб, воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходимлар ҳибсга олинганини Омбудсман ижобий баҳолайди.
Аслида биз ҳуқуқларимиз ҳимоячиси сифатида биладиган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари орасида Бўкадаги ҳолат мисолида қонунга хилоф иш кўрувчи ходимлар борлиги жуда ачинарли. Тизимда ишловчи барча ходимлар шундай деган фикрдан йироқмиз, сўнгги йилларда қийноққа қарши курашиш борасидаги ислоҳотларни эътироф этишимиз лозим. Лекин, давлат сиёсатига қарши туриб, ўз хизмат фаолиятида руҳий ва жисмоний қийноққа йўл қўяётган “ходимлар” бор экан, фуқароларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга нисбатан ишончсизлик юзага келади.
Шу ўринда айтиш керакки, қийноқ бу жамият танасидаги касаллик. Уни даволаш учун аввало шаффофлик таъминланиши керак. Чунки айнан шаффофлик- қийноқларни барвақт олдини олишнинг таъсирчан воситаларидан бири. Мамлакатдаги очиқлик сиёсати сабаб шу каби оғриқли ҳолатлар тилга олиниб, унга жамоатчилик эътибори қаратилмоқда.
Тўғри қийноқ кўплаб ривожланган давлатларнинг ҳам глобал муаммоларидан биридир. Қийноқ инсоннинг фундаментал ҳуқуқларининг бузилиши ҳисобланади. Мутахассисларнинг фикрича, қийноқ инсонга узоқ муддатли психологик таъсирга эга бўлган, шахс сифатида йўқ қилишга қаратилган хатти-ҳаракат сифатида баҳоланади. Инсон қадри тамойили устувор бўлган Ўзбекистон қийноққа қарши курашиш бўйича ўзининг мустаҳкам ва кескин позициясига эга. Сўнгги йилларда қийноқ ҳолатларига йўл қўйган ходимларга нисбатан жазо чоралари оғирлаштирилиб, ҳаттоки, уларга нисбатан афв қўлланилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.
Қолаверса, мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари учун жавобгарликка тортиш мақсадида қонунчиликка алоҳида модда киритилган ва қийноқни қўллаган шахсга нисбатан оғирлаштирувчи нормалар қўлланилиши белгиланган. Жиноят Кодексининг 235-моддаси қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш учун жиноий жавобгарликни назарда тутади.
Янгиланган Конституциямизда ҳам агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги белгиланди. Бу билан қийноқ ҳолатларини келтириб чиқарувчи омиллар илдизи қирқилмоқда.
Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича Омбудсман бошчилигида Миллий превентив механизм доирасида жамоатчилик гуруҳлари билан бирга пенитенциар муассасаларга доимий равишда мониторинг ташрифлари амалга оширилиб, у ердаги шароитлар тизимли равишда ўрганилмоқда. У ерда сақланаётган шахслар орасида аноним сўровномалар ўтказилмоқда. Маҳкум ва маҳбуслар билан ҳоли тарзда суҳбатлашиб, қийноқлар қўлланилганига оид мурожаатлар келиб тушганда, ҳолат дарҳол назоратга олинмоқда. Қолаверса, ижтимоий тармоқларда тарқалган қийноқ қўлланилганига оид хабарлар ҳам жойига чиқиб ўрганилиб, қийноқ аломатлари мавжуд бўлган ҳолларда иш кўриб чиқиш учун прокуратура органларига юборилмоқда. Бўкадаги ҳолат ҳам Омбудсман назоратида бўлади.
Гумонланувчи ёки айбланувчилар суриштирув ва тергов жараёнида калтакланиб, вафот этиши мумкин эмас. Куч ишлатиш услуби дан фойдаланган ходимларни аниқлаш ва уларга қатъий чора кўриш, тизимдаги ходимлар малакаси ва фаолиятини бирма-бир таҳлил қилиш, зўравонлар ва сусткашлардан воз кечиш керак. Зеро, бугунги давлат сиёсати инсон қадрини улуғлашга қаратилган. Шу нуқтаи назардан бу борадаги қадамлар изчил бўлиши лозим. Биз айбдор шахсларни қатъий жазога тортишга чақирамиз.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати