Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Хоразмда ЙТҲ содир этган шахс ва ниҳоят жавобгарликка тортилди - Омбудсман
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили Одилбек Оллаёровга мурожаатчи М.С. ўғли билан йўл транспорт ҳодисасини содир бўлгани ва уни содир этган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилмаётгани бўйича мурожаат қилди.

Аниқланишича, мурожаатчининг ўғли “Matiz” русумли машинани Урганч-Хива автомобиль йўлида ўз ҳаракат полосасида бошқариб келаётганида, орқасида юк ортилган тиркамаси бўлган “Кобальт” русумли машинада катта тезликда ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи Х.Х. қарама-қарши йўналишда бошқарувни йўқотиб йўл транспорт ҳодисасини содир этган. Натижада “Matiz” русумли машинага 18,5 млн сўмлик моддий зарар етказилган.

Мурожаатчининг ёзишича, суд-тергов жараёнларида ҳайдовчи Х.Х.га эмас, балки ўз ҳаракат полосасидан чиқмаган “Matiz” русумли машина ҳайдовчиси жавобгарликка тортилган. Мурожаатчи М.С. суд ҳукми устидан аппеляция шикоятини берган, лекин, апелляция суди биринчи инстанция судининг ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган. Иш Олий судгача борган ва ниҳоят апелляция ажрими бекор қилиниб, иш қайта кўриш учун қайтарилган. Такрорий апелляцияда “Matiz” русумли машина эгаси оқланган.

Лекин, жиноят ишининг бир қисми Хоразм вилоят прокурорига юборилган бўлишига қарамасдан ЙТҲда айбдор шахснинг жавобгарликка тортиш масаласи ҳал этилмаган. Мурожаатчи М.С. бир неча маротаба вилоят прокуратурасига мурожаат қилганида Х.Х. ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмаганлиги сабабли жиноят иши қўзғатиш рад қилингани тўғрисида маълум қилинган.

Орадан 6 ой ўтгач, мурожаатчи Омбудсманнинг Хоразмдаги минтақавий вакилига мурожаат қилган ва ҳолат назоратга олинган. Омбудсман минтақавий вакили Одилбек Оллоёров иш ҳужжатларини ўрганиб, терговчининг жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги қарори асоссиз эканлигини кўрсатиб, ишни қонуний кўриб чиқиш бўйича Хоразм вилоят прокурорига мурожаат қилган.  

Шундан сўнг, Х.Х.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан айблов ҳукми чиқарилди. Бу билан йўл транспорт ҳодисаси натижасида етказилган зарарларни фуқаролик ишларини юритиш тартибида ундириш имкони яратилди.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати