Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Дилшод Тўрахўжаевнинг қийноқлар бўйича Президентга мурожаати юзасидан Омбудсман расмий муносабати
Маълумки, ижтимоий тармоқларда тадбиркор Дилшод Тўрахўжаевнинг қийноқлар бўйича Президентга мурожаати кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Қайд этиш лозимки, Д.Тўрахўжаевнинг қийноққа солингани бўйича дастлабки хабарлар тарқалиши билан, яъни 2023 йил 6 май куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари 1-сон Тергов ҳибсхонасига бориб, у билан ҳоли тарзда суҳбатлашган.

Ўтказилган суҳбатлар давомида Д.Тўрахўжаев унга нисбатан Наманган вилояти Поп тумани Ички ишлар бўлимида ва кейинчалик Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида руҳий ва жисмоний босим ўтказилгани, қийноқлар натижасида айбига иқрор бўлганини маълум қилган.

Шу куннинг ўзида Д.Тўрахўжаевнинг қийноққа солинганлиги ҳолати юзасидан олиб борилаётган терговга қадар текширув ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва қонуний ўтказилишини таъминлаш юзасидан Бош прокуратурага Омбудсман талабномаси киритилган эди.

Ҳозирда прокуратура органлари томонидан олиб борилаётган терговга қадар текширув ҳаракатлари якунланмагани сабабли, Омбудсман талабномасига якуний жавоб тақдим этилмаган.

Эслатиб ўтамиз, Омбудсманнинг тергов-суриштирув ҳаракатларини ўтказиш ваколати йўқ. Омбудсманга юборилган қийноққа оид мурожаатлар Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ ўрганиб чиқиш ва тегишли чора кўриш бўйича Бош прокуратурага йўналтирилади.

Д.Тўрахўжаевнинг адвокати томонидан ўқиб эшиттирилган мурожаатда тадбиркорнинг соғлиғи ёмон эканлиги, унга малакали шифокор ёрдами ҳамда МРТ ва УЗИ текширувларидан ўтказилиши кераклиги баён этилган. Шу боис, 2023 йил 15 июнь куни Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари 1-сон Тергов ҳибсхонасига ташриф буюриб, Д.Тўрахўжаев билан учрашди ва ҳоли тарзда суҳбат ўтказишди.

Д.Тўрахўжаев 1-сон Тергов ҳибсхонаси ходимлари ва шароитдан шикояти йўқлиги, фақат тўлиқ тиббий текширувдан ўтказилмаганлиги, унга нисбатан қийноқ қўлланилгани бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари чўзилаётганлиги ва уни қийноққа солган ходимларга нисбатан чора кўрилмаётганидан шикоят қилди.

Омбудсман томонидан Д.Тўрахўжаевга малакали тиббий ёрдам кўрсатилиши ва тиббий текширувдан ўтказилишини ташкиллаштириш бўйича чоралар кўрилмоқда. Шунингдек, унинг шикояти бўйича Бош прокуратурага Омбудсманнинг назорат хати чиқарилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати