Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Халқаро кузатувчиларнинг сайлов жараёнларини бориши ҳақидаги фикрлари
Шу кунларда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова мамлакатимизга сайлов жараёнларини кузатиш учун келган ҳамкасб халқаро кузатувчилар билан учрашмоқда. Жорий йилнинг 8 июль куни Қозоғистон Республикаси Атирау вилоятидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Алмаз Абилдаев билан, бугун, яъни 9 июль куни Россия Федерацияси Свердловск вилоятидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Т.Мерзлякова ва Новосибирск вилоятидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Н.Шалабаевалар билан учрашди.

Учрашув жараёнида Ф.Эшматова томонидан мамлакатимизда сўнгги йилларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан жорий йилнинг30 апрель куни Ўзбекистон тарихида биринчи марта референдум асосида олий ҳуқуқий ҳужжат - Янги Конституция қабул қилинганлиги, унда инсон ҳуқуқлари томойиллари энг олий қадрият даражасига кўтарилганлиги таъкидланди.

Суҳбат давомида меҳмонларга институтининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, қийноқларнинг олдини олиш бўйича ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга амалга оширилаётган мониторинг ташрифлари, халқаро ҳамкорлик, ҳуқуқий таҳлил ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик тўғрисида маълумот берилди.

Шунингдек, суҳбат давомида 2022 йилдан эътиборан Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари фаолияти йўлга қўйилгани ва бу мурожаатларни зудлик билан жойига чиқиб ўрганиш имконини бераётгани қайд этилди.

Россия Федерациясининг Свердловск ва Новосибирск вилоятларидаги Омбудсманлар сайловга катта тайёргарлик кўрилгани ва унда ҳеч қандай қонун бузилиш ҳолатлари ёки камчиликлар бўлмаганини, барча жараёнлар очиқ ва шаффоф тарзда ташкил этилганлигини қайд этишди. Сайловчиларга овоз беришлари учун барча шароитлар яратилган, муҳими фуқаролар бефарқ эмас – деди Свердловск вилоятидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Т.Мерзлякова.

Учрашув давомида Омбудсманлар инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш ва тажриба алмашиш борасида фикр алмашишди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати