Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Парламент комиссиясида Омбудсманнинг қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш борасидаги ахбороти эшитилди
Маълумки, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Олий Мажлис палаталарига қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муносабат ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларининг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар якуни ва аниқланган камчиликлар юзасидан ҳар чоракда ахборот киритиб боради.

Жорий йилнинг 21 июль куни Омбудсманнинг 2023 йил биринчи ярим йилликда амалга оширган мониторинг ташрифлари якуни бўйича тайёрланган таҳлилий маълумот Парламент Қуйи палатаси Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, 2023 йил 1-ярим йиллигида Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 348 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилди. 2022 йилнинг  1-ярим йиллигида бу кўрсаткич 156 маротабани ташкил этган.

Омбудсман бошчилигида ўтказилган мониторинг ташрифларида Жамоатчилик гуруҳлари таркибида халқаро ва маҳаллий ННТ, ОАВ, блогер, психолог, педагог ва тиббиёт ходимлари иштирок этишган.

Омбудсман ва Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари давомида аниқланган камчиликлар бўйича жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида Омбудсман томонидан мутасадди вазирлик ва идораларга 5 та талабнома, 3 та тақдимнома, 3 та хулоса ва 3 та таҳлилий ахборот ҳамда Олий Мажлис палаталарига 2 та таҳлилий маълумотлар киритилган.

Йиғилиш якунида комиссия аъзолари томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан амалга оширилган мониторинг ташрифларида аниқланган камчиликларни бартараф этилишида парламент назоратини кучайтириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди ҳамда кўриб чиқилган мазкур масала юзасидан Парламент комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати