Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
“Бухоро футбол клуби” МЧЖдан унинг собиқ ходими фойдасига 104 млн сўм ундирилди - Омбудсман
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га бухоролик фуқаро Ф.Файзиев иш ҳақи ва бошқа тўловларни ундириш ҳамда бузилган Мехнат ҳуқуқлари бўйича мурожаат қилди.

Аниқланишича, Ф.Файзиев “Бухоро футбол клуби” МЧЖда 1990-2013 йилларда турли лавозимларда ишлаган.

2013 йил футбол клуби банкрот деб топилган. Клуб раҳбарияти томонидан “Бухоро ФК МЧЖ ўрнига “Бухоро ПФКМЧЖ ташкил этилиб, клуб фаолиятини давом эттираверган. Барча клуб ходимлари ва футболчилар тўлиқ янги ташкил қилинган клубга ишга ўтказилган. Бироқ, клуб фуқаро Ф.Файзиев олдида иш хақи ва мукофот пулларидан 33.808.533 сўм, ҳамда хизмат сафари ҳаражатларидан 30.052.322 сўм, жами 63.860.855 сўм қарздор бўлиб колган.

Ф.Файзиев “Бухоро профессионал футбол клуби” МЧЖда 2016-2018 йилларда ҳам лицензиялаштириш менеджери лавозимида ишлаган. Ушбу даврда ҳам 23 ой учун, ҳар бир ойда 1.881.690 сўмдан тўланиши лозим бўлган жами 43.278.870 сўм ойлик маош пуллари тўланмаган.

Ф.Файзиев бир неча маротаба Ўзбекистон Футбол Федерацияси ҳузуридаги махсус комиссияга ёзма равишда мурожаат этиб келган. Махсус комиссия Ф.Файзиевнинг аризаси юзасидан тегишли кўрсатмалар бериб келган бўлсада, “Бухоро ПФКМЧЖ раҳбарияти Файзиев Файзилло олдидаги қарзларни маълум муддатгача чўзилишини ва тўланишини маълум қилган ҳолда, кафолат хати бериб, бироқ амалда тўловларни амалга оширмаган.

Мурожаатчи аризасида, иш вақтидан ташқари ҳам ишлагани сабабли, соғлиғи оғирлашгани, Хаттоки, иш вақтида оёқлари ўзига буйсунмай қолиб, оғир аҳволда тиббиёт бирлашмасига олиб кетилганида шифокорлар “Инсульт” ўтказганлигини ёзган.

Барча ҳужжатлар ўрганилгач, Омбудсман ҳозирда 2-гуруҳ ногирони бўлган Ф.Файзиев манфаатида тўланмаган иш хақи, хизмат сафари харажатлари ва мукофот пуллари ва унга етказилган маънавий зарарни ундириш бўйича фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судига даъво ариза киритди.

Суд томонидан Омбудсман даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, "Бухоро профессионал футбол клуби" МЧЖдан даъвогар Ф.Файзиев фойдасига иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар учун жами 91 278 870 сўм ҳамда маънавий зарар учун 10 000 000 сўм ундирилиши бўйича қарор чиқарди. Вилоят аппеляция суди ажрими билан ундириладиган жами сумма миқдори 104 млн сўмга оширилди. Ҳозирда мурожаатчига 104 млн сўм маблағ ундириб берилган.

  Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати