Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўз фаолиятида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки, Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар таҳлили сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги ислоҳотлардан хабардор этиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун 2022 йилдан эътиборан республиканинг чекка ҳудудларида маҳаллалар кесимида фуқароларга яратилган имконият ва имтиёзлардан аҳоли хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 17 август куни Навоий вилояти Кармана туманида мамлакатимизда фуқароларни инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган туб ўзгаришлардан, ижтимоий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлардан, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, аҳолига яратилаётган шароитлар, имкониятлар ва имтиёзлардан фуқароларни хабардор қилиш мақсадида “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасидаги навбатдаги тадбир Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Навоий вилояти минтақавий вакили томонидан ўтказилди.
Тадбирда аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, касбга тайёрлаш ва иш ўринларини кўпайтириш, фуқароларга пенсия ва болалар нафақаси, муҳтожларга бир марталик моддий ёрдам тайинланиш тартиби ва механизмлари, меҳнат қонунчилиги борасида фуқароларнинг ҳуқуқий хабардорлиги оширилди.
Учрашувда “Талқоқ”, “Янгиариқ”, “Катта Мачит”, “Бешкент”, “Зарафшон ,ва “Фарҳод” маҳаллари фаоллари иштирок этишди.
Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили Ш.Джураев Вакил фаолиятининг асосий принциплари, унга мурожаат қилиш усуллари, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби ҳақида маълумот берди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати