Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Иш фаолиятида қаршиликларга учраётган ёлғиз онага ҳимоя ордери берилди - Омбудсман
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га Қорақалпоғистон Республикасидан фуқаро А.Ж. иш жойида унга нисбатан ёмон муносабатда бўлинаётгани бўйича мурожаат қилди.

Мурожаатда ёзилишича, фуқаро А.Ж. ёлғиз она, унинг 1 нафар вояга етмаган фарзанди бор ва “Аёллар дафтари”га киритилган. У Қорақалпоғистондаги спорт мактабларидан бирида фаррош бўлиб ишлайди.

Аввал, спорт мактаби раҳбариятининг ходимларига нисбатан адолатсиз муносабатда бўлаётгани бўйича прокуратура ва бошқа қатор давлат идораларига мурожаат қилган. Шундан сўнг, мактабда унга нисбатан қўпол муносабат янада кучайган, босим ўтказиш ва таъқиб қилиш ҳолатлари юзага келган.

Мазкур мурожаат Омбудсман назоратига олиниб, Қорақалпоғистон Республикаси ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигига мурожаат қилинди Ҳолат вазирлик ходимлари томонидан жойига чиқиб ўрганилди ва мактаб раҳбарияти билан ҳам суҳбатлар ўтказилди.

Шунингдек, фуқаро А.Ж.нинг иш жойида хотиржам ишлаши ва турли салбий ҳолатларни олдини олиш мақсадида мурожаатчи аёлга ички ишлар органлари томонидан “ҳимоя ордери” берилган.

Мурожаатчининг маълум қилишича, ҳозирда унга бўлган муносабат ўзгарган ва муаммоси ҳал этилган.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати