Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонасида ташкил этилган учрашувда дастлаб, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилган ислоҳотлар, Омбудсман институти фаолияти, унинг қонунчилик базаси ва ваколатлари ҳақида ватандошларга маълумот берилди.
Ҳамюртларимиз билан ўтказилган учрашувда улар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни кузатиб боришларини ва Италияда кўплаб ўзбек талабалар таълим олаётганидан келиб чиқиб, маданий тадбирларни кўпроқ ташкил этиш таклифини билдиришди.
Шунингдек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Италия сенатори, Инсон ҳуқуқларини таьминлаш ва ҳимоя қилиш қўмитаси аьзоси Чинза Пиллигрино билан учрашди. Ўзаро мулоқот давомида сенатор Омбудсман институтининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш бўйича фаолияти билан таништирилди.
Чинза Пиллигрино Италия ва Ўзбекистон Омбудсманлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш муҳим эканлигига тўхталар экан, мурожаатлар билан ишлаш борасида Италиянинг ўзига хос тажрибаси борлиги, парламентга ҳам кўплаб мурожаатлар юборилиши, ушбу йўналишда ишловчи сенатор сифатида уларни ўрганиб, соҳалар кесимида таҳлил қилинишини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ҳар томонлама ривожланиш тенденцияларини кузатиб бораётгани ва мамлакатимизга ташриф буюриш истагида эканлигини билдирди.
Учрашув сўнгида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.
Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати