Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўз фаолиятида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки, Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар таҳлили сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги ислоҳотлардан хабардор этиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун 2022 йилдан эътиборан республиканинг чекка ҳудудларида маҳаллалар кесимида фуқароларга яратилган имконият ва имтиёзлардан аҳоли хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
2023 йилнинг 28 сентябрь куни Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги “Каттабоғ” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 26-сон умумий ўрта таълим мактабида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Сурхондарё вилоятидаги минтақавий вакили томонидан “Омбудсман мактаби” тадбири ўтказилди.
Аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган мазкур тадбирда Термиз шаҳар адлия бўлими, Оила va хотин-қизлар бўлими, «Нуроний» жамғармаси, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлими масъул ходимлари маъруза билан иштирок этишди.
150 нафардан ортиқ аҳоли иштирок этган тадбирда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, "Ўзбекистон-2030" стратегияси ҳамда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш борасида қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ҳамда аҳолини манзилли ижтимоий муҳофаза қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати