Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ўзбекистон ва Финляндия Омбудсманлари ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш таклиф қилинди
2023 йилнинг 29 сентябрь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова Хелсинки университети ҳузуридаги Қонун устуворлиги маркази директори Туйя Бракс билан учрашди

Дастлаб меҳмонларга Омбудсман институтининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, қийноқларнинг олдини олиш бўйича ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга амалга оширилаётган мониторинг ташрифлари ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, Янгиланган Конституциясида Омбудсман институтига таклифларни қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли экани белгилаб қўйилганлиги алоҳида таъкидланди.

Учрашувда Туйя Бракс Хелсинки университети ҳузуридаги Қонун устуворлиги маркази фаолиятига тўхталиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институти билан ўзаро ҳамкорликни янада кучайтиришдан манфаатдор эканлигини билдирди.

Ўзаро мулоқот давомида Ўзбекистон ва Финляндиядаги Омбудсман институтлари ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш таклифи билдирилди. Шунингдек, қийноқларни олдини олиш бўйича МПМ фаолияти, мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва давлатнинг қонуний мажбуриятлари йўналишларида хорижий экспертларни жалб қилган холда Омбудсман институти ходимлари ва минтақавий вакиллари учун семинар-тренинглар ташкил этишга ҳам келишиб олинди.

Учрашув дўстона, очиқ мулоқот шаклида бўлиб ўтди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати