Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Сирдарёда ногиронлиги бўлган шахслар мурожаатлари ўрганилди
2023 йилнинг 6 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили Сирдарё вилоятидаги ногиронлиги бўлган шахслар билан учрашди. Мазкур учрашув Гулистон шаҳар адлия бўлими ва  Ўзбекистон Карлар жамияти Сирдарё вилоят ҳудудий бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган тадбирда 50 нафарга яқин эшитиш ва гапириш имконияти чекланган фуқаролар иштирок этишди. Очиқ мулоқот давомида мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар, уларнинг  ижтимоий ҳимояси, таълим олиши, ишлаши борасида белгиланган имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги Қонуннинг 6-моддасида ногиронлик белгисига кўра камситилишга йўл қўймаслик тамойили акс эттирилган. Унга кўра, ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан ҳар қандай ажратиб қўйиш, истисно этиш, четлатиш, чеклаш ёки афзал кўриш ҳолатлари, шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларнинг объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишни рад этиш тақиқланади.

Учрашувда иштирок этаётган имконияти чекланган шахслар ҳозирда тикувчилик, зардўзлик, касаначилик ва бошқа йўналишларда фаолият олиб бораётганликларини ҳамда ижтимоий объектларни ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштириш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилаётганидан мамнун эканликларини билдиришди.

Ўзаро мулоқот давомида Омбудсманнинг Сирдарёдаги минтақавий вакили Шуҳрат Алимов улар мурожаатларини ўрганди. Учрашувда 10 дан ортиқ мурожаатлар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ва 3 та мурожаат назоратга олинди. Мурожаатларда иш ҳақини ундириш, ижтимоий ёрдам олиш, жумладан, уй-жойни таъмирлаш, соғлиғини тиклашда амалий ёрдам бериш масалалари кўтарилди.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати