Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида Омбудсманларнинг илғор тажрибалари
2023 йилнинг 18-19 октябрь кунлари Москва шаҳрида "Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари: Омбудсманларнинг илғор тажрибалари алмашинуви" VII илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда 47 та давлат омбудсманлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар, парламент ва ижро этувчи ҳокимият вакиллари, дипломатлар иштирок этишди. Омбудсманларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш ва ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилган ушбу йирик анжуман Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 75 йиллигига бағишланди.

Тадбирда таъкидланишича, ҳозирда кўплаб давлатларда бузилган инсон ҳуқуқларини тиклаш бўйича фуқароларнинг Омбудсманларга бўлган ишончи ортиб бормоқда. Айниқса, улар ҳуқуқ ҳимоячилари сифатида жамиятда қандай муаммолар борлиги ҳақида ҳукуматни хабардор қилувчи ва уни бартараф этиш бўйича ўз тавсияларини бериб борувчи институт сифатида  шаклланди. Мазкур анжуман эса шу каби илғор тажрибаларни ўрганиш майдони ҳисобланади.

Халқаро тадбир иштирокчилари хотин-қизлар, ёшлар, ногиронлиги бўлган шахслар, мигрантлар, маҳкум ва маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш ва Омбудсман фаолиятидан аҳоли хабардорлигини ошириш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди.

2 кун давомида бўлиб ўтган конференция якунларига кўра, Осиё, Африка, Европа, лотин Америкаси давлатлари Омбудсманларининг 40 яқин маърузалари тингланди ва уларда муҳим таклифлар билдирилди.

Шунингдек, Москвага ташриф давомида Омбудсман Феруза Эшматова Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонасида ватандошлар билан учрашди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати