Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашда ННТ ва давлат органларининг ўзаро ҳамкорлиги
2023 йилнинг 25 октябрь куни Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (ЎзННТМА) ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан “Инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат органларининг ҳамкорлиги” мавзуида нодавлат нотижорат ташкилотларининг Миллий форуми ўтказилди.

Форум доирасида яратилган давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги умумий мулоқот платформасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ҳамда 2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси ижросини таъминлаш ҳамда ННТларнинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича жамоатчилик назоратини олиб бориш механизмларини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда қайд этилишича, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида 2021-2022 йилларда қонун устуворлиги, норма ижодкорлиги сифати, ҳукумат фаолияти самарадорлиги, сўз ва ахборот эркинлиги, жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш, бизнесни олиб бориш шарт-шароитлари каби халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон кўрсаткичлари яхшиланиб бормоқда. Жами 24 та рейтингнинг 15 тасида Ўзбекистоннинг ўрни юқорилаган ва 3 та рейтингда давлатимиз илк маротаба эътироф этилди.

Форумда кўтарилган масалалар муҳокамаси икки шўъбада давом этди. Унда ўнга яқин давлат ва нодавлат ташкилотлари вакилларининг соҳага оид нутқлари тингланди. Хусусан, 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишида парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва ролини ошириш, болалар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахсларга тенг шароитлар яратиш, ОАВнинг эркинлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларнинг лозим даражада бажарилишида инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий институтлар, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалалари эътибор марказида бўлди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати