Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўз фаолиятида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки, Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар таҳлили сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги ислоҳотлардан хабардор этиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун 2022 йилдан эътиборан республиканинг чекка ҳудудларида маҳаллалар кесимида фуқароларга яратилган имконият ва имтиёзлардан аҳоли хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
2023 йилнинг 27 октябрь куни “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасидаги навбатдаги тадбир Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги 1-сонли умумтаълим мактабида ўтказилди. "Дўстлик", "Юртдош" ва "Қўрғонтепа" маҳаллаларида яшовчи фуқаролар қамраб олинган тадбир аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланди.
Фуқаролар билан эркин мулоқот шаклида ўтган тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олишди.
“Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида Омбудсманнинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили Шуҳрат Алимовнинг фуқаролар қабули ҳам ташкил этилди. Унда 20 нафарга яқин фуқаролар мурожаатлари қабул қилинди, шундан 13 таси жойида ҳал этилди. Ўрганиш муддат талаб қиладиган мурожаатлар Омбудсман минтақавий вакилининг иш юритувига қабул қилиб олинди.
Сайёр қабулда ишга жойлашиш, пенсия тайинлаш, ижтимоий ёрдам, жумладан, бола пули олиш, уйни таъмирлаш, фарзандини даволанишда амалий ёрдам кўрсатиш каби масалалар кўтарилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати