Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманида аҳоли хабардорлигини оширишга қаратилган тадбир ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 сентябрдаги “Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, Омбудсманнинг устувор вазифаларидан бири сифатида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун моҳияти билан аҳолини таништириш, шу орқали аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш белгиланган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўз фаолиятида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки, Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар таҳлили сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги ислоҳотлардан хабардор этиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун 2022 йилдан эътиборан республиканинг чекка ҳудудларида маҳаллалар кесимида фуқароларга яратилган имконият ва имтиёзлардан аҳоли хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасидаги навбатдаги тадбир  2023 йилнинг 22 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманида ташкил этилди. Аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган мазкур тадбирда “Гўлзор”, “Тор ёп”, “Навоий” ва “Тўлқин” маҳаллаларидан 150 нафардан ортиқ  фуқаролар иштирок этишди.

Учрашувда иштирок этган масъул идора вакиллари фуқароларни ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган имтиёзлар, болалар нафақасининг тайинланиш тартиби, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмуни билан таништиришди.

Фуқаролар билан бўлган очиқ мулоқотда, Омбудсманга ушбу ҳудуддан юборилаётган мурожаатларда кўтарилаётган масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Лойиҳа доирасида Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили фуқаролар қабулини ташкил этиб, улар мурожаатларини ўрганди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати