Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Қозоғистонда оиладаги зўравонликка қарши кураш масалалари жаҳон давлатлари омбудсманлари иштирокида муҳокама қилинди
2023 йилнинг 24 ноябрь куни Остонада “Оиладаги зўравонликка қарши кураш: муаммолар ва ечимлар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Қозоғистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро экспертлар, Евроосиё Омбудсманлар Альянси вакиллари ҳамда қатор давлатлар Омбудсманлари, нодавлат ва халқаро ташкилотлар, шунингдек, Қозоғистон Республикаси давлат органлари вакиллари иштирок этишди.

Оиладаги зўравонликнинг асосий сабаблари ва уларга қарши курашиш борасидаги илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш мақсад қилинган ушбу халқаро тадбирда Ўзбекистон, Қирғизистон, Россия, Туркия, Франция, Армения, Сербия давлатларининг илғор тажрибаси ўрганилди.

Конференцияда сўз олган, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари Бекзод Наримонов мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида халқаро жамоатчиликни хабардор қилди. Шунингдек, оиладаги зўравонликка қарши курашга оид ташкилий-ҳуқуқий механизмларни изчил равишда такомиллаштириш ва Омбудсман институтининг ролини оширишга оид амалий таклифларни илгари сурди.

Тадбир иштирокчилари оила масъулияти ёшларга тушунтириш, уларнинг турмуш тарзини яхшилаш, профилактик чораларнинг самарадорлигини ошириш, оиладаги зўравонликни аниқлаш ва олдини олишда замонавий рақамли ёндашувларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, оилавий зўравонлик қурбонларига ижтимоий ёрдам ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи инқироз марказлари ва оилани қўллаб-қувватлаш институтлари фаолияти таҳлил қилиниб, тавсиялар ишлаб чиқилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати