Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ногиронлиги бўлган болалар ўртасида “Ҳуқуқ билимдони” Омбудсман викторинасига старт берилди
Ногиронлиги бўлган шахсларга тенг имкониятлар яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқларини таъминлаш Ўзбекистон учун муҳим масалалардан ҳисобланади. 2021 йилда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ратификация қилиниши билан бу давлатнинг халқаро мажбуриятига айланди. Шу нуқтаи назардан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) имконияти чекланган шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш ва улар ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратади ва улар мунтазам таҳлил қилиб борилади.

Омбудсманга юборилаётган фуқаролар мурожаатлари таҳлили аҳолининг мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларга белгиланган ҳуқуқ ва имтиёзлардан бехабар эканликларини кўрсатди. Шу нуқтаи назардан, Омбудсман ўз фаолиятида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ҳар бир фуқаронинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишининг кафолатидир.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда республика бўйича жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун жами 90 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларда 21,5 минг нафар ўқувчилар таълим-тарбия олади.

Шу нуқтаи назардан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Болалар омбудсмани билан ҳамкорликда жамиятда ногиронлиги бўлган болалар таълимига бўлган эътиборни кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ соҳасига бўлган қизиқишини ҳамда билимларини ошириш мақсадида имконияти чекланган болалар ўртасида “Ҳуқуқ билимдони” Омбудсман викторинасига старт берилди.

2 босқичдан иборат ушбу Викторинада Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган таянч ҳаракати шикастланган болалар учун мактаб-интернатларининг 750 нафарга яқин ўқувчилари қамраб олинди.

2023 йилнинг 14-15 декабр кунлари Ангрен шаҳридаги 34-сонли ва Қўқон шаҳридаги 9-сонли ва Олмазор туманидаги 100-сонли таянч ҳаракати шикастланган болалар учун мактаб-интернатлари ўқувчилари ўртасида “Ҳуқуқ билимдони” Омбудсман викторинасининг 1-босқичи ўтказилди.

1 босқичда конкурс иштирокчилари ҳуқуқ соҳаси бўйича 30 та тест саволларига жавоб беришди. Тест жавоблари ҳакамлар ҳайъати томонидан текширилиб, ҳар бир ҳудуддан энг юқори балл тўплаган 3 нафардан иштирокчилар аниқланди. Ушбу ўқувчилар 2 босқичга йўлланмани қўлга киритишди.

Викторинанинг якуний II босқичи Тошкент шаҳрида ўтказилади.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати