Ўзаро мулоқот давомида Омбудсман Ўзбекистоннинг болалар ва хотин-қизларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатига тўхталиб, қонунчилик асосларининг мустаҳкамлангани, қолаверса, аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган имтиёзлар ҳамда 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясининг амалга оширилаётгани ва бу ўзининг самарасини бераётганини маълум қилди.
Шунингдек, учрашувда Омбудсман институтининг асосий фаолият йўналишлари, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби, хотин-қизлардан юбориладиган мурожаатларда кўтариладиган масалалар, жамоатчилик гуруҳлари билан жазони ижро этиш муассасаларига ўтказилаётган мониторинг ташрифлари ва ёпиқ муассасаларда сақланаётган аёлларга яратилган шароитлар ҳақида сўз борди.
Каролина Харвей хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлашдаги Омбудсман институтининг ўрнига тўхталар экан, бу борада Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотларни эътироф этди. Хусусан, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштирилгани, оилавий зўравонлик учун жазо чоралари белгиланганлигини юқори баҳолади.
Суҳбат давомида К. Харвей Омбудсман томонидан БМТнинг халқаро Конвенциялар ижроси бўйича муқобил маърузалар киритиш амалиётининг йўлга қўйилганини ижобий баҳолаб, бу борада ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.
Шу куни Омбудсман БМТ ногиронлар ҳуқуқлари қўмитаси Котибияти мудири Жорж Арай ҳамда “UPR Info”ноҳукумат ташкилотининг масъуллари билан ҳам учрашди.
Дастлаб суҳбатдошларга, “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғоя асосида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларда ногиронлиги бўлган шахсларга тенг имкониятлар яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Хусусан, 2020 йилда янги таҳрирдаги "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги Қонун қабул қилингани ва Давлат раҳбарининг халқаро ташаббуси доираси Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ратификация қилингани ва бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Ўзаро мулоқот давомида Омбудсманнинг ногиронлиги бўлган шахсларга тенг имкониятлар яратиш борасидаги ўрганишлари, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган муассасаларнинг ҳам имконияти чекланган шахсларга мослаштирилиши борасида Омбудсман ташаббуси билан ишлаб чиқилган йўл харитаси ва ногиронлиги бўлган шахслар томонидан юборилаётган мурожаатлар таҳлили ҳақида ҳам фикр алмашилди.
Халқаро экспертлар Ўзбекистоннинг ногиронлиги бўлган шахсларга тенг имкониятлар яратишдаги халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича илгарилаб бораётганини эътироф этиб, қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан парламент назоратини олиб бораётган Омбудсман институти билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканликларини билдиришди.
Ўзбекистонда Омбудсман институтининг ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайиб бораётгани, хусусан, унга қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи берилгани, нафақат мазкур институтининг, балки барча ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳам ютуғидир- деди БМТ ногиронлар ҳуқуқлари қўмитаси Котибияти мудири Жорж Арай.
Ўзаро дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашувларда томонлар истиқболда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашишди.
Эслатиб ўтамиз, Омбудсман Женевага ташрифи доирасида БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси котибияти раҳбари Х.Леоз Инвернон билан ҳам учрашган эди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати