Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман тўлов қобилиятига эга бўлмаган ота-она ўрнига таълим харажатларини қоплаётган фарзандларга ҳам солиқ имтиёзи қўлланилишини таклиф қилмоқда
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га фуқаролардан келаётган мурожаатлар мунтазам таҳлил қилиб борилади. Уларда кўтарилган муаммоларни тизимли равишда бартараф этиш мақсадида Омбудсман томонидан таклифлар ишлаб чиқилади.

Омбудсман номига ижтимоий ҳуқуқларни таъминлаш, жумладан таълим учун контракт пули тўлови, бўлиб-бўлиб тўлаш, имтиёзлар бериш каби масалалар юзасидан шу кунга қадар юборилган мурожаатлар ўрганилганда доимий иш жойига эга бўлмаган ота-она томонидан таълим кредитларини сўндиришда муаммолар мавжудлиги аниқланди.

Маълумки, солиқ қонунчилигига мувофиқ, ота-оналар олий ўқув юртларида ўқийдиган фарзандларига таълим тўловларини ўз ойлик иш ҳақларидан тўлаб берсалар, 12 фоиз даромад солиғини қайтариб олишлари мумкин. Бу тартиб ўзи ишлаб ўз контрактини тўлаган талабалар ва турмуш ўртоғи учун контракт тўлаганларга ҳам амал қилади.

Ёшларнинг олий таълим билан қамров даражасини ошириш мақсадида жорий этилган ушбу имтиёз фуқароларга анча енгиллик бермоқда. Лекин, Омбудсманга юборилаётган мурожаатларда ота-онанинг доимий даромад манбаи бўлмаганлиги сабабли, кредит тўловларини уларнинг бошқа фарзандлари тўланаётганлиги ҳолатлари аниқланмоқда. Бундай ҳолларда эса ушбу солиқ имтиёзи қўлланилмайди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Омбудсман таълим харажатларини қоплаётган бошқа фарзандлар, яъни опасини, синглисини, акасини, укасини  ўқишига ёрдам бераётган ака-ука ва опа-сингилларга нисбатан ҳам солиқ имтиёзини қўллашни таклиф қилмоқда.

  Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати