Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
“Субсидия олиш бўйича аризам тизимдаги хатолик сабабли асоссиз рад этилди” - фуқаро мурожаати Омбудсман назоратига олинди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га Самарқанд вилоятидан фуқаро М.Н. субсидия асосида уй-жой олиш учун электрон платформа орқали юборган мурожаати асоссиз равишда рад қилингани бўйича шикоят қилди.

Мурожаатда ёзилишича, фуқаро М.Н. 2023 йил бошида йўллаган мурожаати у Самарқандда яшаётган бўлса-да Тошкент шаҳрида рўйхатда тургани сабабли рад этилган.

Шундан сўнг, мурожаатчи аёл эри билан Самарқанд шаҳрига доимий яшаш учун рўйхатга ўтади. 2023 йилнинг октябрь ойида My.gov.uz платформаси орқали яна мурожаат юборади, лекин, яна рад этилади. Бунинг сабабини аниқлаш мақсадида фуқаро М.Н. Самарқанд шаҳар иқтисодиёт ва молия бўлимига борганида, уларнинг аризаси келиб тушмаганлигини айтишган. 

Маълум бўлишича, фуқаро М.Н.нинг аризаси Тошкент шаҳар, Олмазор туманига юборилган. Ариза Тошкент шаҳар, Олмазор туманидаги талабгорларни танлаш комиссияси ва масъул ташкилотларга нотўғри юборилиши оқибатида фуқаро М.Н. уй-жой олиш имкониятидан маҳрум бўлган.

Мазкур мурожаат Омбудсман назоратига олиниб, электрон тизимдаги камчиликларни бартараф этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига Омбудсман хулосаси киритилди.

Натижада фуқаро М.Н.нинг My.gov.uz платформаси орқали юборган аризаси Самарқанд шаҳрида субсидия ажратиладиган талабгорларни танлаб олиш комиссиясига йўналтирилган ва мурожаатчига субсидия ажратилди.

Мурожаатчи М.Н.нинг маълум қилишича, уларга субсидия ажратилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган ва ҳозирда янги уйга кўчиб ўтишган.

Аҳамиятлиси, “subsidiya.idm.uz” дастуридаги интеграциялаштириш билан боғлиқ камчиликлар тизимли бартараф этилиб, юқоридаги каби ҳолатларни келтириб чиқарувчи сабаб бартараф этилди.

Шунингдек, Омбудсманга Бухоро вилоятида яшовчи фуқаро Р.г. ижтимоий шароити оғирлиги ва бошпанаси йўқлиги сабабли уй-жой берилишида ёрдам сўраб мурожаат қилган эди.

Мурожаатчи, боқувчисиз экани ва 1 нафар фарзанди туғма юрак нухсони билан туғилгани сабабли яқинда жарроҳлик амалиёти ўтказилганлигини, уй бериш ва ижтимоий ёрдам олиш масаласида бир неча маротаба маҳалла ва ҳокимликларга ҳам мурожаат қилган.

Мазкур ҳолат Омбудсман назоратига олиниб, Бухоро вилояти ҳокимлигига ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган фуқаро шароитини ўрганишни сўраб мурожаат йўллади.

Натижада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, Хотин-қизларни уй-жой билан таъминлашга кўмаклашиш бўйича туман комиссиясининг хулосаси билан мурожаатчи Р.Г.га ижтимоий уй ажратилди.

Шунингдек, фуқаро Р.Г. "Аёллар дафтари"нинг 3-тоифаси рўйхатига киритилиб, унга 1 320 000 сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати