Йиғилишида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2023 йилдаги фаолияти кўриб чиқилди
Маълумки, Омбудсман фаолияти тўғрисидаги ҳисобот Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида ҳар йили эшитилади. Бундан аввал эса нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат Омбудсман ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия аъзолари билан биргаликда муҳокама қилинади.
Тадбирда сўз олган Омбудсман Ф.Эшматованинг сўзларига кўра, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг мурожаатлар билан ишлаш тизими Давлат раҳбарининг 2023 йил 25 майдаги “Рақамли хизматлар қамрови ва сифатини ошириш ҳамда соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ тўлиқ рақамлаштирилди. Ҳозирда мурожаатчиларга яна қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида Омбудсманнинг мобиль иловаси устида ишланмоқда. Унда фуқароларга онлайн маслаҳат бериш, мурожаатнинг ижро ҳолатини онлайн равишда мониторинг қилиб бориш, мобиль илова орқали мурожаат ижроси юзасидан тегишли ташкилотлардан юборилган жавоб хатлари, статистик маълумотлар билан танишиш, сўровномалар ўтказиш каби хизматлар жорий этилиши кўзда тутилган.
Йиғилишда қайд этилишича, 2023 йилда Омбудсманга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар 18622 тани ташкил этган. (2022 йилда 17761 та). Жами мурожаатларнинг 15 934 таси фуқаролардан, 2 662 таси маҳкум ва маҳбуслар ҳамда уларнинг яқинларидан, 26 таси чет эл фуқаролари ва хорижий давлатлар Омбудсманларидан келиб тушган.
Ҳисобот йилида Омбудсман томонидан давлат органлари ва ташкилотлари ва судларга фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан 170 та таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар, жумладан 35 та тақдимнома, 37 хулоса ва 98 та ариза ва даъво аризалар киритилган. Бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 28 фоиз, 2021 йилга нисбатан 81 фоизга кўпдир.
Омбудсман томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш ва таъсир чораларини қўллаш натижасида фуқаролар ҳамда маҳкум (маҳбус) ва уларнинг яқинлари манфаатида жами 2,1 млрд сўм ундирилган. Шундан, 1,1 млрд сўм иш ҳақи ва меҳнат муносабатларига тўғри келади. Бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 2 баробарга кўп.
Шунингдек, 38 нафар фуқаро ишга тикланган (2022 йилда 13 нафар), 23 нафар фуқаро иш билан таъминланган (2022 йилда 4 нафар), Омбудсман мурожаатига асосан Давлат меҳнат инспекциялари томонидан судларга 11 та даъво аризалари киритилган.
Омбудсман Комиссия аъзоларига Вакилнинг мурожаатлар билан ишлаш, қийноқларни олдини олиш, мониторинг ва ҳуқуқий таҳлил, халқаро ҳамкорлик, ҳуқуқий тарғибот ва ОАВ билан ишлаш йўналишидаги фаолияти билан таништирди.
Йиғилиш давомида мажлис кун тартибига қўйилган масалалар юзасидан аниқ таклифлар билдирилди ва комиссиянинг тегишли қарори қабул қилинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати