Аниқланишича, Жиноят ишлари бўйича Бекобод туман судининг 2023 йил ноябрдаги ҳукмига кўра мурожаатчи П.Д. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, 1 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган ва суд залидан қамоққа олинган.
Мурожаатчи, аризасида ҳозирда алимент бўйича қарздорлиги тўлиқ қопланганлигини маълум қилган.
Мазкур мурожаат Омбудсман назоратига олиниб, судланувчи П.Д.гa нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш ҳақида судга Омбудсман хулосаси киритилди.
Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2024 йил 5 февралдаги ажрими билан судланувчи П.Д.га 2 ой 15 кун озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди ва у ҳозир оиласи бағрида.
Таъкидлаш лозимки, 2023 йилда Омбудсманга алимент ундириш бўйича 300га яқин мурожаат келиб тушган. Улар сони 2022 йилга нисбатан 17,8 фоизга ошган.
Ушбу мурожаатларнинг ўрганилиши натижасида Омбудсман томонидан хотин-қизларнинг вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун 80,7 млн сўмлик алимент тўловларининг ундирилиши таъминланди.
Шунингдек, Омбудсманнинг тегишли давлат идораларига мурожаат қилиши натижасида алимент тўлашдан бўйин товлаган 5 нафар шахсга 15 суткага маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган бўлса яна 3 та ҳолатда қарздорлар жиноий жавобгарликка тортилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасида, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбур эканликлари белгиланган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддасига кўра, вояга етмаган фарзандининг таъминоти учун алиментларни ўз вақтида тўламаган шахсларга 15 сутка қамоқ ёки БҲМнинг 20 баравари миқдорида жарима, шунингдек, 120 соатгача ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш жазоси қўлланиши мумкин.
Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади. Қарздорларга нисбатан маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг ҳам алимент тўлаш мажбурияти бажарилмаса, бу уларни жиноий жавобгарликка тортишга асос бўлади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмат