Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг 2023 йилги фаолияти тўғрисидаги ахбороти Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялар йиғилишларида кўриб чиқилди
2024 йилнинг 12 февраль куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсман) 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, “Адолат” СДП ҳамда ЎзЛиДеП фракциялари йиғилишларида эшитилди.

Қайд этилишича, Омбудсманга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар 2023 йилда 18622 тани ташкил этди. Бу кўрсаткич, 2022 йилда 17761 тани ташкил этган.

Омбудсман томонидан фуқаролар ҳамда маҳкум (маҳбус) ва уларнинг яқинлари манфаатида ундирилган ва ундирилиши белгиланган маблағлар 2 млрд 150 млн сўмни ташкил этган. Шундан, 910,6 млн сўм фуқароларнинг, 187 млн сўм маҳкумларнинг иш ҳақи ва меҳнат муносабатларига тўғри келади.

Бундан ташқари, 38 нафар фуқаро ишга тикланган, 23 нафар фуқаро иш билан таъминланган, Омбудсман мурожаатига асосан Давлат меҳнат инспекциялари томонидан судларга 11 та даъво ариза киритилган, 10 нафар фуқаронинг ўзини ўзи банд қилишига кўмаклашилган.

Шунингдек, Фуқароларнинг қарздорлиги, моддий ва маънавий ҳамда соғлиғига етказилган зарарлар ва бошқа тўловлар бўйича 404,2 млн сўм ундирилган бўлса, Омбудсман кўмагида мурожаатчиларга жами 546,7 млн сўмга яқин моддий ёрдам, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун субсидия ва бошқа турдаги молиявий ёрдам ажратилган.

2022 йилда 45,4 млн сўм алимент тўловлари ундирилган бўлса, 2023 йилда кўрсаткич сал кам 1,8 баробарга ошиб 80,7 млн сўмни ташкил этган.

13 млн сўмга яқин нореал қарздорлик ўчирилишида ҳамда маъмурий жарима бекор қилинишида кўмаклашилди. Омбудсман тавсиясига кўра 17 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ижтимоий уй ажратиш, мол-мулк ва ер солиғидан озод этиш, турар жой кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, ногиронлик гуруҳини белгилаш ва ишсизлик нафақаларини тайинлаш бўйича мурожаатлари ҳал  этилди.

Фракция йиғилишларида депутатларга Омбудсманнинг қийноқларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, ҳуқуқий таҳлил, халқаро ҳамкорлик, ҳуқуқий тарғибот ва жамоатчилик билан алоқалар йўналишидаги фаолиятлари юзасидан ҳам маълумотлар берилди.

Атрофлича муҳокамалардан сўнг, фракциялар йиғилишларида Омбудсман фаолияти тўғрисидаги ахбороти маъқулланди. Омбудсманнинг 2023 йилги ҳисоботи Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилишида тасдиқланади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати