Кун тартибидаги масала юзасидан Омбудсман Ф.Эшматова ахборот берди.
Таъкидланганидек, ўтган даврда Омбудсман томонидан фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, қонунчиликни ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича тишимли мониторинглар олиб борилган. Шунингдек, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш, минтақавий вакиллари фаолияти, Омбудсман фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш каби йўналишларда қатор ишлар амалга оширилган.
Ҳисобот йилида Омбудсман номига 18622 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 15 934 таси фуқаролардан, 2 662 таси маҳкум ва маҳбуслар ҳамда уларнинг яқинларидан, 26 таси чет эл фуқаролари ва хорижий давлатлар Омбудсманларидан келиб тушган.
Вакил томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда судларга 170 та таъсир чоралари шаклидаги ҳужжат киритилган.
Ўтган йилда Омбудсман томонидан судларга киритилган салкам 100 та ариза ва даъво аризаларининг 98 фоизи қаноатлантирилган. Омбудсман котибияти ходимлари ҳам аҳоли мурожаатлари ва сўровлари асосида суд мажлисларида 249 маротаба кузатувчи сифатида иштирок этишган.
Омбудсман томонидан фуқаролар ҳамда маҳкум (маҳбус) ва уларнинг яқинлари манфаатида ундирилган ва ундирилиши белгиланган маблағлар 2 млрд 150 млн сўмни ташкил этган. Шундан, 910,6 млн.сўм. фуқароларнинг, 187 млн сўм маҳкумларнинг иш ҳақи ва меҳнат муносабатларига тўғри келади.
Бундан ташқари, 38 нафар фуқаро ишга тикланган, 23 нафар фуқаро иш билан таъминланган, Омбудсман мурожаатига асосан Давлат меҳнат инспекциялари томонидан судларга 11 та даъво ариза киритилган, 10 нафар фуқаронинг ўзини ўзи банд қилишига кўмаклашилган.
2023 йилда Омбудсманга юборилган мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида 12 та жиноят иши қўзғатилган бўлса, 1 та ҳолатда жиноят иши қайта малакаланган. 57 та ҳолатда жиноят иши кўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарорлар тегишли прокурорлар томонидан бекор қилинган. 5 нафар масъул ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. 29 нафар ходимга интизомий жазо қўлланган ва 17 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган.
Шу билан бирга, Омбудсман ҳамда Вакил бошчилигидаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ўтган йилда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 603 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилгани айтиб ўтилди. Ташрифлар чоғида аниқланган ижобий ўзгаришлар билан бир қаторда салбий ҳолатларнинг ҳанузгача сақланиб қолинаётгани аниқланган. Ушбу ҳолатларни бартараф этиш юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тақдимномалари киритилган.
Вакил томонидан турли ижтимоий тармоқларда айрим салбий ҳолатлар юзасидан тарқалган хабарлар ҳам назоратга олиниб, ўрганилгани қайд этилди. Хусусан, бу бўйича Омбудсманнинг мутасадди вазирлик ва идораларга талабномалари доимий киритиб борилган.
Мажлисда Омбудсманнинг ҳуқуқий таҳлил, халқаро ҳамкорлик, ҳуқуқий тарғибот ва жамоатчилик билан алоқалар йўналишидаги фаолиятлари юзасидан ҳам маълумотлар берилди.
Депутатлар Омбудсманнинг 2023 йилдаги фаолияти якунлари бўйича тақдим этилган ҳисоботни тинглар экан, қийноққа солиш, шафқатсиз, ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилишининг олдини олиш мақсадида ўтказилган мониторинглар сони ва сифати ўсиб бораётганини ижобий кўрсаткич сифатида қайд этишди. Шу билан бирга, аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган долзарб масалалар ижобий ечим топаётгани алоҳида эътироф этилди.
Мажлис якунида депутатлар томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди. Хусусан, хорижда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошларимиз ҳуқуқларини таъминлаш, зарур ҳолларда уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишларни янада кенгайтириш, бу борада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Омбудсман фаолиятида самарали ва янги механизмларни татбиқ этишга қаратилган таклифлар илгари сурилди.
Кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати