Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Қорақалпоғистондаги 27-сон манзил колониясида сақланаётган маҳкумлар шароитлари яхшиланмоқда
2024 йилнинг 14 февраль куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили Ж.Шлымбетов Қўнғирот туманидаги 27-сон Манзил колониясига мониторинг ташрифини амалга оширди.

Мониторингда маҳкумларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизмат кўрсатиш шароитлари, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, кутубхона ва бошқа шароитлари ўрганилди.

Маълум бўлишича, колонияда спорт майдончаси ташкил этилган, ётоқхоналарнинг эшик ва деразалари алмаштирилган, янги ювиниш хонаси қурилган ҳамда ошхона қайта таъмирланиб, янги жиҳозлар билан таъминланган. Қайд этиш лозимки, Омбудсман минтақавий вакили ушбу колонияга амалга оширган аввалги ўрганишларида берган тавсияларида ушбу масалаларга эътибор қаратган эди. 

Шунингдек, Омбудсманнинг Қорақалпоғистондаги минтақавий вакили колонияда сақланаётган шахслар билан жамоавий ва 17 нафар маҳкум билан якка тартибда суҳбатлашди. Сайёр қабулда маҳкумларнинг соғлиғи билан боғлиқ бўлган муаммолар, интизомий жазоларни енгиллаштириш ва оиласига моддий ёрдамлар кўрсатиш бўйича мурожаатлари қабул қилинди.

Tашриф доирасида колония ходимлари иштирокида тадбир ташкил этилиб, улар қийноқ ҳолатларининг олдини олиш, бу иллатга бутунлай барҳам бериш юзасидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништирилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати