Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар эътироф этилди
2024 йил 24 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери, сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари ва бир гуруҳ депутатларнинг “Инсон ҳуқуқларини таъминлаш давлатларнинг барқарор ривожланишининг пойдевори” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этган хорижий давлатлар омбудсманлари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда меҳмонларга “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар, унинг доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янги таҳрирдаги Конституция нормаларини рўёбга чиқариш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳамда Қонунчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, янги таҳрирдаги Конституция мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга янгича руҳ ва мазмун бағишлади. Хусусан, Бош қомусимизда инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 бараварга ошди. Ўзбекистонда янги ижтимоий-сиёсий муҳит шаклланиб, давлат ўзига улкан ижтимоий-иқтисодий мажбуриятлар олди.

Мулоқотда бугунги кунда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) мустақил, холис, адолатли ташкилот сифатида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда муҳим роль ўйнаётгани, фуқароларнинг ҳуқуқларини кафолатлашда давлат ва жамият ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажараётгани қайд этилди.

Шунингдек, Омбудсман институтининг конституциявий-ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланиб, қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилди. Бу ўз навбатида, унинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича мустақил институт сифатидаги ролини янада оширди.

Шу билан бирга, болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) институти ташкил этилди. Ўтган қисқа вақт давомида мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш, уларнинг манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутмоқда.

Ўз навбатида, хорижий Омбудсманлар батафсил ва таҳлилий маълумотлар учун миннатдорлик билдириб, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган очиқ ва конструктив ташқи сиёсат туфайли Ўзбекистон дунёга очилаётгани, жаҳон майдонида ўзининг янгича қиёфаси, имконият ва салоҳияти билан намоён бўлаётганини эътироф этдилар.

Президент ташаббуси билан ишлаб чиқилган стратегияларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши натижасида Ўзбекистоннинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий қиёфаси тубдан ўзгаргани, инсон, унинг қадри ва манфаатларини ифода этадиган мутлақ янгича муносабатлар кириб келганини юқори баҳоладилар.

Конструктив руҳда ўтган учрашувда томонлар инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида нафақат Омбудсман институти балки, парламенталараро даражада ҳам ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олдилар.