Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман БМТ кенгашининг 55-сессиясида иштирок этмоқда
Жорий йилнинг 26 февраль куни Женевада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 55-сессияси ўз ишини бошлади.

Мазкур сессияда Ўзбекистон делегацияси таркибида Парламент Қуйи палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова ва Ташқи ишлар вазирлиги вакили иштирок этмоқда.  

Ўзбекистон вакили мамлакатимизда қонун устуворлиги, демократия ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳаларида ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари ҳақида тўхталди.

Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқларига оид қоидалар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа халқаро ҳужжатларга тўлиқ мос келиши ва унда ўлим жазосини қўллаш расман тақиқлангани қайд этилди.

Шунингдек,  маърузачи  инсон ҳуқуқлари соҳасида, қолаверса, Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларини таъминлаш борасида мамлакатимизда олиб борилган ислоҳотлар, хусусан, Конституция ва қонунларимиз даражасида тақиқланган қийноқлар ва улар қурбонларига етказилган зарарни қоплаш тартиби, БМТ шартнома органлари тавсияларига мувофиқ жорий этилган “Омбудсман плюс” моделига тўхталди.

Кенгашда халқаро инсон ҳуқуқлари соҳасидаги кенг кўламли масалаларни кўриб чиқиш кўзда тутилган. Улар орасида болалар ва ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, диний эркинликни таъминлаш, терроризмга қарши курашишда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш, қийноқларнинг олдини олиш, маданий ва ижтимоий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва бошқа тематик мавзулар муҳокамаси ҳам мавжуд.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 55-сессияси Олий даражадаги сегменти ўз ишини 28 февралгача давом эттиради.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати