Сенаторлар “Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евросиё гуруҳи тўғрисидаги Битимга ҳамда Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евросиё гуруҳи бюджетини шакллантириш ва ижро этиш тартиби тўғрисидаги Низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги Баённомани (Тошкент, 2022 йил 1 июнь) ратификация қилиш тўғрисида”ги Қонунни кўриб чиқди.
Кўриб чиқилаётган ҳужжат жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи фаолиятини янада ривожлантириш, шунингдек, асосий вазифаларни халқаро стандартларга мувофиқлаштиришни назарда тутаётгани алоҳида таъкидланди.
Хусусан, оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши кураш Евроосиё гуруҳи фаолиятининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Евроосиё гуруҳи раиси лавозимига қўшимча талаблар белгилаш ва унинг котибияти ваколатларини аниқлаштириш кўзда тутилмоқда. Евроосиё гуруҳи бюджетининг талаблари ва шартлари, яъни аъзо давлатларнинг ҳиссаси, харажатларни тақсимлаш ва бошқа молиявий масалалар ҳам кўрсатилган.
Сенаторлар Қонуннинг ратификация қилиниши терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этдилар.
Шунингдек, қўмита мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилиниши ҳолати тўғрисидаги ахбороти кўриб чиқилди.
Муҳокама чоғида сенаторлар мамлакатимизнинг янгиланган Конституциясида ижтимоий адолатни таъминлашга янгича ёндашувлар жорий этилгани, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмлари мустаҳкамлангани таъкидланди.Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий маърузачи институти ташкил этилди.
Ногиронлиги бўлган шахсларга халқаро андозалар асосида зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2023 йил давомида 2 та Президент қарори ва 3 та Республика Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.
Шу билан бирга, фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида халқаро стандартларни самарали қўллаш билан боғлиқ ҳал этилиши зарур бўлган масалалар кўрсатилган. Масалан, болаларни турли зўравонлик шаклларидан ҳимоя қилиш, ногиронлар учун қўшимча инклюзив имкониятлар яратиш долзарблигича қолмоқда.
Шунингдек, Қўмита мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди. Ҳисобот муҳокамасида сенаторлар фуқаролар билан самарали ишлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Мажлис якунлари бўйича Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.