Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлисида Омбудсманнинг ҳисоботи дастлабки тарзда кўриб чиқилди
Бугун, 28 февраль куни Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

Унда навбатдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Қўмита мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан 2023 йилда янги конституциявий қоидалар асосида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.

Хусусан, Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар 2023 йилда 18 622 тани ташкил этганлиги таъкидланди.

Омбудсманга келиб тушган мурожаатларнинг 1 269 таси мулк дахлсизлиги ҳуқуқи, 895 таси меҳнат қилиш ҳуқуқи, 407 таси иқтисодий ҳуқуқни суд орқали ҳимоя қилиш ҳамда 280 таси бошқа масалаларга оид иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликларга доир мурожаатлар ҳисобланади.

Шунингдек, фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқлари кафолатланиши ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш борасида келиб тушган 3586 та мурожаатнинг 344 таси ижобий ҳал этилган.

Фуқароларнинг Омбудсманга қилган мурожаатлари асосида уларнинг манфаатларида 1847,2 млн сўмлик маблағларнинг ундирилишига эришилган.

Муҳокамадан сўнг кўриб чиқилган масала юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати