Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Қўмита мажлисида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳисоботи эшитилди
Жорий йилнинг 28 февраль куни Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи таҳлил этилди.

Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, хотин-қизлар, болалар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлақонли таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар тизимли давом этмоқда.

2023 йилда Омбудсманга хотин-қизлар ҳуқуқларининг чекланиши, оилада аёлнинг таҳқирланиши, оиладаги тинчликни таъминлаш ва зўравонликнинг олдини олиш масаласида 133 та мурожаат келиб тушган.

Шунингдек, 2023 йилда Омбудсманга аёллардан алимент ва молиявий кўмак олиш бўйича 382 та мурожаат келиб тушган. Ушбу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 68 тага ёки 17,8 фоизга ошган. Омбудсманнинг “Ишонч телефони” орқали 92 нафар фуқарога алимент ундириш масаласи бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилиши таъминланган.

Ушбу мурожаатларнинг ўрганилиши натижасида Омбудсман томонидан хотин-қизларнинг вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун 80,7 млн.сўмлик алимент тўловлари ундирилиши таъминланган.

Бундан ташқари, 3 та ҳолатда қарздорларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддасига мувофиқ жиноят иши қўзғатилди, 21 нафар фуқаронинг “Аёллар дафтари”га киритилишида кўмаклашилган.

Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш йўналишида Омбудсманга келиб тушган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, хотин-қизлардан ижтимоий соҳа бўйича келиб тушаётган мурожаатлар сонининг йил сайин камайиб бораётгани давлатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижаси эканлиги, хотин-қизлар ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилингани ва уларнинг ижроси таъминланаётганидан дарак беради.

Шу билан бирга, аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган долзарб масалалар ижобий ечим топиш мақсадида тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ишларни кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Мажлис якунида сенаторлар томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Мажлис сўнгида кўрилган масала юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати