Мазкур мурожаат Омбудсман назоратига олиниб, ҳолатни жойига чиқиб ўрганиш учун Омбудсманнинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакилига юборилди. Ҳолат тегишли ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган ҳолда ўрганилди.
Мурожаатчи А.К.нинг хонадонига борилганда унинг оилавий шароити оғирлиги туфайли вояга етмаган фарзанди мактабга бормаётгани, хонадони ҳам таъмир талаблиги маълум бўлди.
Боланинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида фуқаро А.К. вояга етмаган фарзанди мактабга тикланиб, мактаб психологи мураббий этиб белгиланди.
Шунингдек, “Аёллар дафтари”га киритилган мурожаатчи хонадонида таъмирлаш ишлари бошланди ва унга бола пули берилиши таъминланди.
Омбудсманга Андижон шаҳридан юборилган яна бир мурожаатда фуқаро Т.М. вояга етмаган фарзанди мактабга олинмаётгани юзасидан шикоят қилган.
Мазкур мурожаат Омбудсманнинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили томонидан ўрганилганда, 4 нафар вояга етмаган фарзанднинг онаси бўлган, боқувчисини йўқотган Т.М. кичик фарзандини мактабга олиб борганида, мактаб маъмурияти томонидан қабул қилинмагани маълум бўлган.
Маълум бўлишича, мурожаатчи турмуш ўртоғи вафотидан сўнг, ота уйига (бошқа тумандаги) кўчиб келган. Мактаб маъмурияти эса туманда рўйхатда бўлмагани сабабли, мурожаатчи фарзандини мактабга қабул қилишдан бош тортган.
Мурожаат назоратга олиниб, тегишли ташкилотларга мурожаат қилингач, мурожаатчи фарзанди мазкур мактабнинг 4-синфига қабул қилинди.
Маълумот учун, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 50-моддасига мувофиқ, ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга, давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлаши, умумий ўрта таълим мажбурийлиги, мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратида эканлиги белгиланган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати