Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўз фаолиятида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки, Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар таҳлили сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги ислоҳотлардан хабардор этиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун 2022 йилдан эътиборан республиканинг чекка ҳудудларида маҳаллалар кесимида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ҳамда давлат томонидан берилаётган имтиёзлардан хабардорлигини оширишга қаратилган "Омбудсман мактаби" лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасидаги навбатдаги тадбир Навоий вилояти, Навбаҳор туманидаги “Арабсарой”, “Совунгар” ва “Сарой” МФЙ аҳолиси учун ўтказилди.
Шу куни Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили фуқаролар қабулини ҳам ўтказди.
“Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида Навоий вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда фуқаролар учун тор доирадаги мутахассислар жалб этилган ҳолда 300 нафардан ортиқ фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси томонидан аҳолига 8 турдаги 107 млн сўмлик бепул дори дармонлар тарқатилди ҳамда 100 нафар фуқаро бепул кўзойнаклар билан таъминланди.
Тадбирга Ўзбекистон Касаба уюшмалар Федерациясининг Навоий вилоят кенгаши ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Навоий вилояти бошқармаси ҳам жалб этилиб, кам таъминлаган фуқароларга 45 та саёҳат учун йўлланма, 1 та ногиронлик аравачаси, 11 та ҳасса ва қўлтиқтаёқлар берилди.
“Омбудсман мактаби” доирасида Вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси билан ҳамкорликда бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди. Унда 23 нафар фуқарога ишга жойлашиш ҳамда 3 нафар фуқарога Мономарказда касбга ўргатиш учун йўлланмалар берилди.
Шу билан бир қаторда, Адлия бошқармасининг давлат хизматлари ходимлари томонидан 32 нафар фуқарога мобил хизматлар кўрсатилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати