Қолаверса, Давлат раҳбарининг 2021 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, Омбудсманнинг энг устувор вазифаларидан бири сифатида аҳоли орасида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва миллий қонунчилик нормаларини тарғиб қилиш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш белгиланган.
Шу нуқтаи назардан республика бўйлаб аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Маълумотларга кўра 2023 йилда Омбудсманга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 18622 та мурожаат келиб тушган. Улар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, кўп мурожаатлао Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрига тўғри келган. Энг кўп мурожаат юборган туманлари бешлигида биринчи ўринда Қашқадарё вилоятининг Косон тумани ўрин олган.
Шу нуқтаи назардан 2024 йилнинг 15 март кунги навбатдаги “Омбудсман мактаби” айнан ушбу ҳудудда ўтказилди. Тадбирга Косон туманидаги 70 дан ортиқ МФЙлар, жумладан энг кўп мурожаат келиб тушган “Нартичуқур”, “Нартибаланд”, “Истиқлол”, “Майдаёбу”, “Лолазор”, “Мудин”, “Ҳалима”, “Ширинтепа”, “Янгиобод” маҳаллалари аҳолиси жалб қилинди.
Дастлаб, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Д.Мамажанова “Ўзбекистон – 2030” стратегиясинининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига тўхталди.
Косон туманидаги 15 га яқин маҳаллаларда яшовчи аҳоли қамраб олинган тадбирда айнан улар томонидан кўтарилган масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш борасидаги имконият ҳамда имтиёзлар, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни ишга жойлаштириш ҳамда замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорликка жалб қилиш борасида аҳоли хабардорлиги оширилди.
“Омбудсман мактаби” лойиҳасини амалга оширишдан мақсад –аҳолини мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги туб ўзгаришлар тўғрисидаги хабардорлигини оширишдан иборат. Сабаби фуқаролар ўз ҳуқуқларини яхши билмас эканлар, уларни талаб қила олмайдилар. Натижада қонун бузилиш ёки уни четлаб ўтиш ҳолатлари кўпайиши мумкин.
Фуқаролар билан ўтказилган очиқ мулоқотда Косон туманидаги 150 нафарга яқин маҳалла фаоллари, хотин қизлар ва ёшлар иштирок этишди.
“Омбудсман мактаби” тадбири доирасида Омбудсман Феруза Эшматованинг сайёр қабули ҳам ўтказилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати