Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Маҳкумни тузалиш йўлига ўтган ёки ўтмаган деб топиш масалалари Омбудсман минтақавий вакиллари иштирокида кўриб чиқилади
2024 йилнинг 26 март куни Андижон вилоятидаги 3-сон тергов ҳибсхонасида маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтган ёки ўтмаганлигини аниқлаш мезонлари бўйича комиссия йиғилиши ўтказилди. Комиссия аъзолари таркибида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили Г.Абдувоҳидова ҳам иштирок этди.

Комиссия аъзолари тергов ҳибсхонасида хўжалик ишларига жалб қилинган маҳкумларнинг шахсий хужжатларини ўрганишди ва улар билан суҳбатлашишди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 1021-моддасида Комиссия таркибига жамоатчилик вакилларидан, қоида тариқасида, халқ депуталари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) минтақавий вакиллари, ўзини ўзи бошқариш органларининг, жамоат ташкилотларининг ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган вакиллари кириши белгиланган.

Маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганлиги бўйича хулоса қилишда уларнинг меҳнатга виждонан муносабатда бўлиши, белгиланган меҳнат нормаларини бажариши, ўқишга ва касб-ҳунар ўрганишга бўлган қизиқиши, жазони ижро этиш муассасаларида ташкил этиладиган маданий-маърифий тадбирлардаги иштирокига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, маҳкумларнинг муассасада ўрнатилган ички тартиб-қоидаларига риоя этиши, унга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилгани ва интизомий жазо чораси қўлланилмагани каби мезонлар ҳам кўриб чиқилди.

Маҳкумни тузалиш йўлига ўтган ёки ўтмаган деб топиш тўғрисидаги хулоса комиссия томонидан расмийлаштирилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати