Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Самарқанддаги тиббиёт пунктида муддати ўтган дори воситаларининг мавжудлиги аниқланди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Диёр Ҳусанов Қўшработ туманида жойлашган Мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатувчи туманлараро пунктига мониторинг ташрифини амалга оширди.

Мониторинг ташрифи куни ҳушёрхонада мастлик ҳолатида бўлган шахслар йўқлиги маълум бўлди. Мониторинг давомида беморларнинг ётоқ жойлари, ювиниш хоналари, ошхона, тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя этилиш ҳолатлари ўрганилди.

Аниқланишича, мазкур тиббиёт пункти мастлик ҳолатида бўлга эркак ва аёлларни сақлашга мўлжалланган бўлиб, 2023 йил 1 январда ўз фаолиятини бошлаган. Унда мастлик ҳолатида бўлган шахслар сақланадиган хоналарга тўлиқ видео кузатув камералари ўрнатилган. Лекин, қатор камчиликлар ҳам аниқланди. Жумладан мазкур пунктга қарашли тиббиёт бўлимида 1-тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган 37 турдаги дори-дармонлар етишмаслиги, борлари кўздан кечирилганда баъзи муддати ўтган дори воситалари сақланаётгани ҳамда бўлимнинг баъзи керакли ускуналар билан жиҳозланмагани маълум бўлди. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йилдаги тегишли қарори билан тасдиқланган “Алкоголь, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида"ги низомга кўра, Миллий гвардия билан биргаликда тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари ва ходимларининг туну-кун қўриқланишини таъминлаш чораларини кўрилиши белгиланган. Аммо, мониторингда Миллий гвардия билан ҳушёрхонани қўриқлаш бўйича шартнома тузилмагани ҳамда беморлар ва ходимлар хавфсизлиги таъминланмагани аниқланди. 

Омбудсман минтақавий вакили томонидан мониторинг ташрифида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича мутасадди раҳбарларга тегишли тавсиялар берилди. 

Мониторинг якунида тиббиёт пункти ходимлари билан учрашув ўтказилиб, уларга Омбудсманнинг инсон ҳуқуқларини таъминлашга оид фаолият йўналишлари ҳамда тиббиёт пунктига олиб келинадиган шахсларга нисбатан қўпол ёки босим ўтказмаган ҳолда муносабатда бўлиш кераклиги борасида тушунтиришлар берилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати