Мурожаатчининг қайд этишича, у Фурқат туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш марказида бош мутахассис лавозимида ишлаб келган. Тизимдаги ўзгаришлар сабаб, айрим вазифалар штат бирлиги билан бошқа давлат ташкилотига ўтказилган.
Шундан сўнг малака талабига жавоб бермаслик важи билан фуқаро Г.А. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Мазкур мурожаат Омбудсманнинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят Кенгаши билан биргаликда ўрганилди.
Аниқланишича, мурожаатчи ишлаган лавозимнинг штат бирлиги ўтказилган давлат ташкилотига ишга жойлаштириш чоралари ҳам кўрилмаган. Унинг 10 йилдан буён ушбу вазифада ишлаб келганлиги, Қўқон Университетида сиртдан ўқиётганлиги инобатга олинмаган.
Ишга тааълуқли ҳужжатлар тўпланиб, фуқаро манфаатида ишга тиклаш бўйича судга даъво ариза киритилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг ҳал қилув қарори ва апелляция инстанциясининг ажрими билан иш берувчи зиммасига фуқаро Г.А.ни бош мухассис вазифасига ишга тиклаш мажбурияти юклатилган. Мурожаатчи Г.А. ушбу лавозимга тикланиб, 5 ой мажбурий прогул кунлари ва етказилган маънавий зарар учун жами 39 миллион сўм ундирилиши белгиланди.
Мурожаатчи билан Омбудсман ходимлари боғланганда у ҳозирда аввалги лавозимида ўз фаолиятини давом эттираётгани ва ундирилиши белгиланган сумма тўлиқ миқдорда тўлаб берилганлигини маълум қилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати