Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Қийноқларни олдини олиш борасида Парламент ва Омбудсман ҳамкорлиги
2024 йилнинг 26 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг "Жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарининг инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга доир фаолияти тўғрисида"ги ахбороти эшитилди.

Йиғилишда инсон қадрини улуғлаш, ҳар кимнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишига айлангани алоҳида таъкидланди. Жумладан, маҳкумлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ҳолатлари мунтазам равишда Омбудсман бошчилигида жамоатчилик гуруҳлари билан ўрганилаётгани, ушбу мониторинг ташрифларида депутатлар ҳам иштирок этаётганликлари қайд этилди.

Мажлисда ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари Мансур Қодиров тизимга  рақамли технологияларни, жумладан, интеллектуал “Smart” камералар, видеорегистратор, рентген-сканер қурилмаси, электрон дўконлар жорий этиш, “онлайн” видеоучрашув хизматини йўлга қўйиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берди.

Шунингдек, йиғилишда Омбудсман томонидан Қийноқларни олдини олиш бўйича 2024 йил 1 чоракда амалга оширилган мониторинг ташрифларида аниқланган ҳолатлар кўриб чиқилди.

Омбудсманнинг сўзларига кўра, 2024 йилнинг 1-чорагида Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 189 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилган. Мониторинг ташрифларида 2 мингга яқин маҳкумлар (маҳбуслар) билан жамоавий ҳамда минг нафарга яқин маҳкумлар (маҳбуслар) билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилган.

Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари давомида бу жойларда сақланаётган шахсларнинг сақлаш шароитлари, яъни яшаш ва овқатланиш, меҳнат қилиш ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, сақланаётган шахслар орасида олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя этилаётганлиги, маҳкумларга нисбатан қилинаётган муомала ва бошқа шу каби ҳолатлар ўрганилмоқда.

Мажлисда Омбудсман ўрганишларидан келиб чиқиб, жазони ижро этиш муассасаларида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ва тавсиялар муҳокама қилинди.

Йиғилиш сўнггида кун тартибидаги масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.  

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати