2024 йилнинг 2 май куни Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани, “Янгиҳаёт” МФЙдаги 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтган йили 30 апрелда бўлиб ўтган умумхалқ референдумида қабул қилинган Янги таҳрирдаги Конституциянинг бир йиллиги муносабати билан тадбир ўтказилди. Аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” тадбирида тумандаги “Янгиобод”, “Қўшбармоқ”, “Тоқчилик”, “Зиёкор”, “Хайробод”, “Самарқанд қудуқ” маҳаллаларида яшовчи 200 нафарга яқин фуқаро қамраб олинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоси ва тегишли давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ОАВ ҳам иштирок этишди.
Фуқаролар билан очиқ мулоқотда Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муҳим жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди. Бош қомусимизда давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига доир нормалар уч баробарга ошганлиги, хусусан, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор мажбуриятлар олиши белгиланганлигини қайд этилди.
Шунингдек, тадбирда илк маротаба давлат зиммасига аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг турмуш сифатини оширишга, жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун уларга шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чораларни кўриш мажбурияти юкланганлиги ва бугунги кунда давлат Конституциянинг амалдаги ижросини таъминлаш мақсадида тизимли чора-тадбирларни амалга ошираётгани таъкидланди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати