Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида Ўзбекистонда хотин-қизларнинг бой салоҳиятидан фойдаланиш, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида уларнинг имкониятларини рўёбга чиқаришда тажриба алмашиш бўйича Осиё хотин-қизлари форумини ўтказиш ҳақидаги таклифни билдирилган эди.

Шунга асосан 2024 йилнинг 13-14 май кунлари Самарқанд шаҳрида “Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув” мавзусидаги Осиё хотин-қизлари форуми ўтказилди. 

Форумда 30 дан ортиқ хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан нуфузли меҳмонлар – Шарқий Осиё, Жануби-Шарқий Осиё, Жанубий Осиё ва Марказий Осиё мамлакатлари парламентларининг аёл аъзолари, ҳукуматлари раҳбарлари, хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари ҳамда хорижий ташкилотларнинг 40 нафардан ортиқ вакиллари, шунингдек, маҳаллий давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, аёл раҳбарлар, ишбилармон аёллар, сиёсатшунослар, ижтимоий соҳа фаоллари, олимлар, иқтисодиёт тармоқлари ва турли соҳаларнинг жами 400 га яқин вакиллари ҳамда фаол хотин-қизлар иштирок этишди. 

Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларга йўллаган табригини Сенат Раиси Танзила Нарбаева ўқиб эшиттирди.

Форумда таъкидланганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг юксак сиёсий иродаси туфайли хотин-қизларнинг манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш ва оилалар мустаҳкамлиги масалалари сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маънавий ҳаётида, муҳим қарорлар қабул қилинишида хотин-қизларнинг иштироки сезиларли равишда кенгайиб бормоқда.

Қисқа давр ичида соҳага доир халқаро стандартларга мос миллий қонунчилик базаси шакллантирилди, сўнгги 5 йилда 80 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлиги бунга ёрқин мисолдир. “Хотин-қизлар ва эркакларга тенг хуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги муҳим қонунлар қабул қилинди ва амалиётга жорий этилди. 

Гендер тенглик сиёсатини тўғри йўлга қўйиш ва уни тўлақонли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида 2030 йилга қадар мўлжалланган гендер Стратегияси қабул қилинди. Уни барча соҳа ва тармоқларга жорий қилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Қонунчиликка норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни гендер экспертизадан ўтказиш, гендерга асосланган миллий бюджетни қабул қилиш, гендер аудит каби тушунчалар киритилиб, амалиётга жорий қилинмоқда.

Шу билан бирга, форумда БМТ Бош котиби ўринбосари ва “БМТ-Аёллар” тузилмаси ижрочи директори Сима Бахус, БМТнинг Женевадаги бўлими бош директори Татьяна Валовая, Парламентлараро иттифоқнинг Бош котиби Мартин Чунгонг ҳамда бир қатор давлатларнинг парламентлари раҳбарлари сўзга чиқиб, форумнинг мақсад ва вазифалари, аҳамияти ҳамда ундан кутилаётган натижаларга тўхталиб ўтди.

Очилиш маросимидан сўнг иштирокчилар ўзаро тажрибалар билан ўртоқлашиш, халқаро ташкилотлар ва молиявий институтларнинг бу борадаги замонавий ёндашувларини ўрганиш мақсадида параллел сессияларга бўлинган ҳолда иш олиб борди. Сессиялардан бирига Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова модераторлик қилди.

Форумда хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, уларни тадбиркорлик ва инновацияларга кенг жалб этиш, замонавий глобал иқтисодиётда уларнинг етакчилигини таъминлаш орқали хотин-қизларнинг илмий ва инновацион фаолиятда, таълим соҳасида, шунингдек, рақамли технологиялардан фойдаланишда, камбағалликни қисқартиришдаги иштироки каби масалалар муҳокама қилинди.

Форум якунлари бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати