Дастлаб, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га ушбу ҳудуддан юборилган мурожаатлар таҳлил қилинди, маҳаллалардаги еттилик гуруҳлари томонидан аҳолининг муаммолари ўрганилди. “Омбудсман мактаби” лойиҳаси тадбирига ушбу аниқланган масалалардан келиб чиқиб, тегишли давлат идоралари ва ташкилотлари вакиллари ҳамда малакали мутахассислари жалб қилинди.
Тадбирда Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Адлия бошқармасининг ДХМ томонидан мобил хизматлари, Вилоят бандлик бошқармасини бўш иш ўринлар ярмаркаси, Касб-ҳунарга ўқитиш маркази, Мономарказ, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Самарқанд вилояти бошқармаси ва Ташқи меҳнат мигратцияси вилоят бўлимлари иштирок этишди.
Лойиҳа доирасида Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили ҳамда тадбирга жалб этилган давлат ташкилотлари раҳбарларининг сайёр қабуллари ташкил этилди.
“Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда фуқаролар учун тор доирадаги 14 нафар мутахассислар жалб этилган ҳолда 460 нафар фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик натижаларига кўра, касаллик аниқланган 96 нафар фуқаро учун туман ва вилоят даражасида соғломлаштириш режаси белгилаб олинди. Бундан ташқари, 5 нафар кам таъминланган фуқароларда бепул жарроҳлик амалиётини ўтказиш белгиланди.
Шунингдек, нафақа ёшидаги ва кўриш қобилияти ёмонлашган фуқароларга шу куннинг ўзида қўриш қобилиятини яхшилаш учун 41 дона кўзойнаклар шифокор хулосаси асосида берилди. Аҳолига шу куннинг ўзида 32 турдаги 355 дона дори-дармон воситалари бепул тарқатилди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Самарқанд вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда 17 нафар фуқарога реаблитация ускуналарини янги тизим орқали олиш тартиби ўргатилиб, буюртма берилди.
Давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан 12 нафар фуқарога нафақа ёшидагиларни санаторияларга бориш учун электрон рўйхатга қўйиш ва бошқа хизматлар кўрсатилди.
Ташқи меҳнат мигратцияси вакиллари томонидан чет элга қонуний тартибда бориб ишлаш жараёнлари ва монамарказларда бепул ўқиб, касб-ҳунар эгаллашлари мумкинлиги тушунтирилди.
Эслатиб ўтамиз, “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасидаги тадбирлар мунтазам равишда республикамизнинг чекка ҳудудларида жойлашган маҳаллалар кесимида ўтказилиб келинмоқда. Мазкур тадбирлар ҳокимлик ва вилоятдаги 10 дан зиёд давлат идоралари ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати