Мурожаатлар гендер белгиларига кўра таҳлил қилинганда, жами мурожаатларнинг 42,1 % хотин-қизларга, 57,9% эркакларга тўғри келади.
Жами мурожаатларнинг 25,4% ижтимоий, 24,2% иқтисодий, 18,6% шахсий, 14,8 % ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда ушлаб турилган шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга, 9,4% фуқаролик ва мурожаат қилиш ҳуқуқига, 1,3% бола ҳуқуқларига, 0,8% экологик ҳуқуқ ва 5,5% бошқа масалаларга тегишли.
Жорий йилнинг 1-чорагида Омбудсманнинг Мурожаатлар билан ишлаш бўлимига 3589 та мурожаат келиб тушган. Бу жами мурожаатларнинг 83%ни ташкил этади. Бугунги брифингда ушбу мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига тўхталамиз.
Ҳисобот даврида Омбудсман томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан ташкилот ҳамда мансабдор шахсларга 33 та таъсир чора шаклидаги ҳужжатлар киритилди.
2024 йил 3 ойи давомида Омбудсман томонидан фуқароларнинг мурожаатлари асосида ундирилган ҳамда ундириш белгиланган маблағлар 299,4 млн.сўмни ташкил этди. Шундан, салкам 86 млн сўм фуқароларнинг иш ҳақи ва меҳнат муносабатларига оид.
Фуқароларнинг қарздорлиги, соғлиғига етказилган зарарлар, моддий ва маънавий зарарлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар оқибатида юзага келган ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ мурожаатлар ўрганилиши натижасида жами 85 млн 310 минг сўмдан ортиқ маблағлар мурожаатчилар фойдасига ундирилган.
Омбудсман мурожаатига асосан, хотин-қизларнинг вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун 52 млн сўмга яқин алимент тўловлари ундирилиши таъминланди. Алимент тўлашдан бош тортган 2 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, 3 та ҳолатда эса жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, мурожаатчиларга 122 млн 400 минг сўмга яқин моддий ёрдам, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун субсидия ва бошқа турдаги молиявий ёрдам ажратилишида кўмаклашилди.
Бундан ташқари, Қорақолпоғистон Республикасида истиқомат қилувчи оилага молиявий кўмак сифатида 700 кг кўмир берилишига эришилди.
5 та ҳолатда мурожаатчиларнинг пенсия олиш ҳуқуқи таъминланди.
Фуқароларга 5 млн 805 минг сўм миқдорида ишсизлик нафақаси тўланиши таъминланди. 7 нафар фуқаро ишга тикланди, 4 нафари иш билан таъминланди, 2 нафар шахснинг иш жойи сақланди.
Омбудсманнинг сўровига асосан Давлат меҳнат инспекцияси инспекторлари томонидан судларга ишга тиклаш ва иш ҳақини ундириш юзасидан 4 та даъво аризалар киритилди.
5 та ҳолатда иш берувчини ходимга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлари бартараф этилди.
2 нафар фуқаронинг мулкини тасарруф этиш ҳуқуқи таъминланди. 3 нафар фуқаронинг турар жойи учун кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилида ёрдам берилди.
11 нафар фуқарога тиббий кўрикдан ўтиш ва даволаниш учун йўлланма берилиши таъминланди. 3 нафар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронлик гуруҳини белгилаш ва моддий ёрдам олиш бўйича мурожаатлари ижобий ҳал этилди. 3 нафар вояга етмаган болаларни мактабга қабул қилинишида кўмаклашилди. 5 нафар фуқаро “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилди.
2 та ҳолатда жиноят иши кўзғатишни рад этиш ҳақида Ички ишлар бўлимлари терговчилари томонидан қабул қилинган қарорлар прокуратура органлари томонидан бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказиш учун юборилган.
2 та ҳолатда оилавий (маиший) зўравонлик ҳамда эҳтиётсизлик орқасида баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказиш бўйича жиноий иш қўзғатилди.
Омбудсман мурожаатига асосан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 9 нафар масъул ходимлари ўз вазифасини лозим даражада бажармаганлиги учун интизомий жавобгарликка тортилган, 3 нафар ходим эса эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Омбудсман сўровига асосан, ваколатли давлат органлари томонидан масъул мансабдор шахсларнинг ҳаракатларида қонунбузилиш ҳолатлари мавжудлиги аниқланиб, 2 нафар масъулга “хайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.
6 нафар фуқаронинг шахсини тасдиқлашга оид ҳужжатлари расмийлаштирилишида ва чет элга чиқиш ҳуқуқи таъминланишига кўмаклашилди.
Экологик ҳуқуқларни таъминлаш бўйича Омбудсманга юборилган мурожаатларнинг ўрганилиши натижасида 2 та ҳолатда ҳуқуқбузарлар маъмурий жавобгарликка тортилган. 1 та ҳолатда МЧЖ фаолияти экологик экспертизадан ўтказилиши юзасидан огоҳлантирилган.
Омбудсман сўровига асосан, туман ҳокимлиги томонидан ўзбошимчалик билан қурилган иншоотларни буздирилиши бўйича судга даъво ариза киритилган. Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги маҳаллалардан биридаги ноқонуний қурилиш ишлари тўхтатилган.
Фуқороларнинг қувурларни тозалаш ва тартибга солинмаган чорраҳага светофор ўрнатиш бўйича мурожаатлари ижобий ҳал этилган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати