Семинарга тренер сифатида Финляндиянинг Адлия канцлери ўринбосари Микко Пумалайнен жалб этилди. Инсон ҳуқуқлари соҳасида кўп йиллик тажрибага эга бўлган хорижлик тренер иштирокчиларни фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш механимзмалари, Финляндия Адлия канцлери ва Парламент Омбудсманининг ҳуқуқ ва ваколатлари, жамоатчилик билан ишлаш тартиби каби йўналишлардаги тажрибаси билан таништирди. Семинарда Ўзбекистонда ҳам халқ билан мулоқот қилиш, улар мурожаатларини қабул қилиш борасида янги механизмларининг жорий этилгани алоҳида қайд этилди.
Микко Пумалайнен, Финляндиянинг Адлия канцлери ўринбосари
-
Дунёда Омбудсман институтлари жамиятларнинг тараққий этиши, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқарорлар ҳуқуқларининг таъминланишида муҳим рол ўйнайди. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимизга инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Финляндия тажрибасини ўрганишга қизиқиш билдирганликларидан xурсандмиз. Шахсан ўзим аҳолининг шикоятлари билан ишлайман, судлар ва давлат органлари фаолиятининг қонунларга мувофиқлигини текшираман. Семинарда албатта ўз тажрибаларим орқали кўплаб фойдали маълумотларни беришга ҳаракат қиламан. Ўзбекистон Омбудсмани ҳам фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш борасида ўзига хос тажрибага эга. Масалан биз фақат ёзма мурожаатларни кўриб чиқамиз, аризаларнинг 80 фоизи электрон почта орқали олинади. Алоҳида фуқаролар қабуллари ўтказилмайди. Ўзбекистон тажрибасида эса фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш борасида кўплаб имкониятлар мавжуд.
Қайд этиш лозимки, Финляндия Адлия канцлери ташкилоти мансабдор шахслар, жумладан, вазирлар, судья ва прокурорлар устидан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқади. Қонунга хилоф ишлаганликда гумон қилинган мансабдор шахслар устидан жиноий иш қўзғатиши ҳам мумкин. Шунингдек Адлия канцлери судлар ва бошқа суд органларининг холис ва қонуний фаолият олиб бориши устидан суд назоратини ҳам олиб боради.
Эркин мулоқот шаклида ташкил этилган семинар-тренинг мунозарали савол-жавобларга бой тарзда ўтди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати