Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Руҳий касалликлар шифохонасида фуқарони унинг розилигисиз тиббий кўрикдан ўтказган шифокорга “ҳайфсан” берилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га фуқаро Б.Н. унинг розилигисиз руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилганлиги ва тиббий кўрикдан ўтказилганлиги бўйича масъулларга чора кўрилишини сўраб мурожаат қилди.

Мурожаатга кўра, фуқаро Б.Н. туман ИИБ профилактика инспектори ва маҳалла вакиллари билан ҳамкорликда қонунга зид равишда Қўқон шаҳрида жойлашган вилоят 2-сонли руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилган.

Мурожаат Вакил назоратига олиниб, ҳолат Омбудсманнинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили томонидан жойига чиқиб ўрганилди.

Минтақавий вакил фуқаро Б.Н. билан учрашганда у руҳий касалликлар шифохонасига кўрикдан ўтказиш учун жойлаштирилишида розилик хатига имзо қўймагани, шунга қарамасдан уни шифохонага жойлаштиришгани ва 3 кун давомида кўрикдан ўтказишгани ҳамда соғлом бўлганлиги сабабли жавоб бериб юборишганлигини маълум қилган.

Мурожаат юзасидан ўтказилган ўрганиш давомида фуқаро Б.Н.нинг сўзлари тасдиқланди. Яъни, шифохона қабулхонасида даволаниши учун олинган розилик тилхатида унинг имзоси бўлмаганлиги, шунга қарамасдан унинг руҳий ҳолатини текшириш учун қабул қилган врач А.Жўраев томонидан шифохонага жойлаштирилиб, тиббий кўрикдан ўтказилганлиги аниқланди.

Ўрганиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги Қонунининг 24-моддаси 2-қисмида психиатрия текшируви текширилаётган шахснинг маълумотларни билган холда текширув ўтказилишига ихтиёрий розилиги мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилиши талаблари бузилганлиги маълум бўлди.

Шундан сўнг, Омбудсман томонидан қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш ва бу каби ҳолатларни бошқа такрорланмаслиги учун тегишли чораларни кўриш бўйича Фарғона вилоят 2-сонли руҳий касалликлар шифохонасига Омбудсман хулосаси киритилди.

Омбудсман хулосасига кўра, шифохонанинг навбатчи врач-психиатри А.Жўраевга ўз ишига совуққонлик билан ёндошгани учун “ҳайфсан” берилган. Қонун бузилиш ҳолатлари қайта такрорланмаслиги бўйича масъуллар иштирокида йиғилиш ўтказилиб, шифокорлар огоҳлантирилган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати