Дастлаб, Нукус шаҳрида жойлашган 2-сон Тергов ҳибсхонасида маҳбусларга яратилган шароитлар ўрганилди. Қайд этиш лозимки, 2023 йилнинг ноябрь ойида мазкур ҳибсхонада ўтказилган мониторинг ташрифида аниқланган ҳолатлар юзасидан Ички ишлар вазирлигига Омбудсман хулосаси киритилган эди. Ушбу хулосанинг ижро этилиши жорий йил бошида ўрганилганда ҳибсхонада сақланаётган шахслар учун ажратилган ювиниш хоналарида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилаётган эди. Шунингдек, сунъий шамоллатиш тизими (вентиляция) янгидан қурилган, ювиниш хонасининг санитария-гигиена ҳолати тиббиёт бўлими ходимлари томонидан қатъий назоратга олинган ва ёритиш чироқлари замонавийларига алмаштирилган эди.
Бу галги ўрганишларда мазкур хулосада назарда тутилган бошқа тавсияларнинг бажарилишига эътибор қаратилди. Жумладан, ҳибсхонанинг хўжалик ишларига жалб қилинган маҳкумларга яратилган шароитларини яхшилаш, узоқ муддатли учрашув хоналарини ташкил этиш каби масалалар ўрганилди. Омбудсман вакилларига маълум қилинишича, Омбудсман хулосасига кўра лойиҳа сметаси ишлаб чиқилган, лекин, пул маблағлари ажратилмагани учун қурилиш ишлари ҳали бошланмаган.
Мониторинг ташрифида ҳибсхонада сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя этилиши ҳолатлари ўрганилди ва тегишли тавсиялар берилди.
Жорий йилнинг март ойларида Омбудсман томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий, амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиалининг туманлараро пунктида аниқланган камчиликлар бўйича хулоса киритилган эди.
Маълумот учун, Омбудсман томонидан қийноқларни олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якуни юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар Олий Мажлис палаталарига ҳам тақдим этиб келинмоқда.
Кейинги манзил, Чимбой туманидаги “Мурувват” эркаклар интернати бўлди. Мониторингда ушбу муассасада яшайдиган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш ва бошқа шароитлари ўрганилди. Шунингдек, кутубхона ва спорт заллари ҳам кўздан кечирилди.
Мониторинг доирасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ижтимоий ҳимоя агентлигининг Қорақалпоғистон Республикасидаги бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан “Мурувват” интернат уйида яшаётганлар учун кондиционер, 6 та ногиронлик аравачаси ва турли совғалар топширилди.
Қорақалпоғистон Республикасига ташкил этилган мониторинг ташрифлари доирасида Элликқалъа туманида жойлашган Республика 2-сонли руҳий асаб касалликлари диспансери, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Жамоат хавфсизлиги хизмати, Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси Махсус қабулхонаси ҳамда Доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахслар учун реабилитация марказидаги шароитлар ҳам ўрганилди.
Мониторинг ташрифлари якунларига кўра, аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли давлат ташкилотларига тавсиялар киритилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати