Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида" ги қонун лойиҳаси жамоатчилик билан муҳокама қилинди
2024 йилнинг 31 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида”ги қонун лойиҳаси мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Мазкур қонун лойиҳа Қонунчилик палатаси депутатлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман), Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, давлат органлари ва идоралари, қонун лойиҳаси бўйича ишчи гуруҳ аъзолари, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.

Ушбу қонун лойиҳа 9 боб ва 56 моддадан иборат бўлиб, унинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институтининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича инсон ҳуқуқлари соҳасидаги аҳамиятини янада ошириш, Омбудсман фаолиятининг институционал асосларини такомиллаштириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги Омбудсманнинг ваколатларини ҳамда унинг ҳудудлардаги иштирокини кенгайтириш, шунингдек қийноққа солиш ҳамда бошқа ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомаланинг олдини олишдаги фаолиятини кучайтиришдан иборатдир.

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган.

Тадбирда иштирокчилар қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти, унинг зарурати ва аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтдилар ва ўз таклифларини билдирдилар.

Қайд этиш лозимки, мазкур қонун лойиҳасини тайёрлашда 30 дан ортиқ давлатларнинг, жумладан Финляндия, Польша, Болгария, Венгрия, Сербия, Греция, Испания, Россия Федерацияси, Озарбайжон, Арманистон, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа давлатларнинг шу соҳадаги қонунчилиги атрофлича ўрганилди.

Шунингдек, муҳокамаларда ушбу қонун лойиҳадаги янги нормалар ҳақида сўз юритилди. Хусусан, унда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда аҳамиятга эга бўлган самарали механизмлар акс эттирилганлиги алоҳида таъкидланди.

Давра суҳбати якунида иштирокчилар томонидан билдирилган асосли таклифлар қонун лойиҳасини маромига етказишда инобатга олиниши келишиб олинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати