Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Меҳнат ҳуқуқлари бузилган фуқаро Омбудсманга мурожаат қилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) Андижон вилоятида яшовчи фуқаро Б.М. иш берувчи томонидан касаллик вақтида белгиланган ойлик маоши тўланмаётганлиги бўйича шикоят қилди.

Мурожаатчининг қайд этишича, у ип йигириш хусусий корхонасида ишлаб келган. У 2024 йил 13 апрель куни иш жойида жиддий жароҳат олиб, соғлиғига таъсир қилган ҳамда меҳнатга лаёқатсиз, деб топилган. Унга касаллик вақтида белгиланган ойлик маошлари ва бошқа тўловлар корхона томонидан тўлаб берилмаган.

Мазкур мурожаат Омбудсман назоратига олиниб, ушбу ҳолат Андижон вилоятидаги минтақавий вакили томонидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда жойига чиққан ҳолда ўрганилди.

Мурожаатнинг ўрганилиши натижасида фуқаро Б.М. фойдасига корхона томонидан унинг касаллик вақтидаги 38 млн.сўм миқдорида ойлик маоши ва соғлиғига етказилган зарар учун компенсация пуллари тўлиқ ундириб берилди. Бундан ташқари, мурожаатчининг 2-гуруҳ ногиронлигига ўтказилишида кўмаклашилди.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 25-моддасига мувофиқ, иш берувчи ходимларнинг ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртасини ҳамда иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғуртасини таъминлаши, шунингдек, ўз меҳнат мажбуриятларини бажарганлиги муносабати билан ходимларга етказилган моддий зарарнинг ўрнини меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда ҳамда шартларда қоплаши белгиланган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати