Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 декабрдаги ПҚ-410 сонли қарорига мувофиқ, Наманган "Саховат" кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйи ҳозирги Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказига ўзгартирилган ҳамда унинг ҳудудида нуронийларнинг бўш вақтини самарали ташкил қилиш мақсадида “Кексалар боғи” ташкил этилган.
Мазкур муассаса 120 та ўринга мўлжалланган бўлиб, шундан 70 та ўрин нуронийлар учун, 50 та ўрин хусусий хизматлар учун ажратилган. Ташриф давомида ушбу марказда доимий равишда 61 нафар нуронийларнинг даволанаётганлиги маълум бўлди.
Минтақавий вакил томонидан мазкур уйда яшовчи отахон ва онахонлар билан суҳбатлашилганда, улар муассасада яратилган барча шароитлардан мамнун эканликларини билдиришди.
Ташриф давомида нуронийларнинг мазмунли вақт ўтказишлари учун мусиқа хонасининг ва қўл меҳнати билан шуғулланишлари учун тикув хонасининг мавжудлиги, у ерда яшовчилар учун кутубхона фаолияти йўлга қўйилганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, мазкур муассасада физиотерапия ва бошқа даволаш хизматлари фаолият юритаётганлигига гувоҳ бўлинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати