Қолаверса, 2024 йилнинг 7 август куни Давлат раҳбари томонидан «Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни имзоланди. Маълумотларга кўра, ҳозирда ҳуқуқий ҳужжатлари йўқ ёки тўлиқ бўлмаган 3 миллион 600 мингдан ортиқ ер участкалари мавжуд. Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши фуқароларга ғамхўрлик ва уларни ижтимоий қўллаб қувватланаётганликларининг ёрқин ифодасидир. Қайд этиш лозимки, мамлакатимизда аввал ҳам ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига “амнистия” эълон қилинган эди.
Шундан келиб чиқиб, 2024 йилнинг 21 август куни ушбу масалалар бўйича аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш мақсадида Норин туманининг “Катта Ўлмас”, “Еттиқашқа”, “Яшик” маҳаллаларида яшовчи аҳоли учун “Омбудсман мактаби” тадбири ўтказилди.
Тадбирга Халқ депутатлари Норин тумани Кенгаши котибияти, Давлат кадастлар палатасининг Наманган вилояти бошқармаси, Наманган вилояти Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бошқармаси, туман Адлия бўлими бошлиғи, Ижтимоий ҳимоя агентлигининг Наманган вилояти бошқармаси, туман ҳокимлиги ҳамда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг Нaманган вилояти бўлинмаси вакиллари ҳам жалб қилинди.
Савол жавобларга бой тарзда ўтган тадбирда аҳоли «Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг аҳамияти, ҳуқуқларни эътироф этишнинг асосий шартлари, керакли ҳужжатларни тўплаш ва расмийлаштириш тартиби, ушбу йўналишда жамоатчилик назоратини ўрнатилиши ва Қонуннинг бошқа муҳим жихатлари ҳақида хабардор қилинди.
Фуқаролар билан бўлган очиқ мулоқотда Омбудсманга ушбу ҳудуддан юборилаётган мурожаатларда кўтарилаётган масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, иштирокчиларнинг пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсация тўловлари ва бошқа тўловларни тайинлаш ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб қувватлашга оид саволларига батафсил жавоб берилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати